Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Амалдор учун ҳақиқий тест: бойлигингиз қаердан келди?

Тасаввур қилинг, бир тадбиркор ўз ишини тезроқ ҳал қилиб бериш эвазига амалдорга пул таклиф қилди. Амалдор қандай йўл тутади? Порани оладими ёки рад этадими?
Ёки раҳбари ундан қонунга зид иш қилишни талаб қилса-чи? Раҳбарининг буйруғини бажарадими ёки қонунга амал қиладими?
Энди Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг шундай вазиятларда қандай қарор қабул қилишини махсус тестлар орқали баҳолаш таклиф этилмоқда.
Бу «давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши барқарорлигини баҳолаш» деб аталади. Оддий қилиб айтганда, амалдорнинг пора, таниш-билишчилик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларга муносабатини аниқлашга қаратилган текширув.
Кўпчилик учун бу янгилик бўлиши мумкин. Шунинг учун бироз тушунтириш бермоқчиман.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги фармонлари асосида бундай текширувларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Муҳокама 2026 йил 9 ноябрда якунланган.
Сиз бу лойиҳа ҳақида эшитганмидингиз? Унинг муҳокамасида қатнашдингизми?
Лойиҳага кўра, давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда, коррупция хавфи юқори бўлган лавозимларга тайинлашда ва ҳар уч йилда махсус тестдан ўтказиш назарда тутилмоқда.
Бу, албатта, яхши ташаббус. Коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматчиларининг ҳалоллиги ва масъулиятини баҳолаш муҳим.
Лекин тестда тўғри жавоб берган амалдор ҳаётда ҳам ҳалол иш тутадими?
Ўзбекистонда ҳоким ўринбосарлари ва бошқа мансабдорларнинг пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар шу қадар кўпайдики, бундай воқеалар одамларни деярли ҳайратга ҳам солмай қўйди.
Ишончим комилки, уларнинг аксарияти коррупцияга қарши тестдан бемалол ўта олади. Чунки пора олиш жиноят эканини ҳамма билади.
Амалдор учун ҳақиқий тест — унинг даромадлари ва мол-мулкининг келиб чиқишини очиқ текширишдир.
Масалан, бир киши давлат хизматига ишга кирди. Орадан кўп вақт ўтмай, унинг оиласида қимматбаҳо машиналар, ҳашаматли уйлар, катта-катта мулклар пайдо бўла бошлади. Ўзи эмас, хотини, фарзандлари ёки бошқа яқин қариндошлари номига расмийлаштирилган бўлса-чи?
Шунда жамият унга оддий савол бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак:
Бу бойликлар қаердан келди? Қайси даромад ҳисобидан сотиб олинди? Пулини қаердан олдингиз?
Албатта, бойлик орттиришнинг ўзи жиноят эмас. Аммо давлат амалдори ва унинг яқинлари мол-мулки қонуний даромадларига мос келмаса, бу ҳолат мустақил текширилиши шарт.
Шунинг учун Ўзбекистонда мансабдор шахслар ва уларнинг яқин оила аъзолари даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш, бу маълумотларни жамоатчилик учун очиқ эълон қилиш тизими зарур.
Энг муҳими, мустақил журналистлар амалдорларнинг бойликлари, бизнес алоқалари ва манфаатлар тўқнашувини ҳеч қандай босимсиз суриштира олиши керак.
Коррупцияга қарши энг ҳақиқий тест — очиқ даромадлар декларацияси, мустақил журналистик суриштирув ва жамоатчилик назоратидир.
Амалдорнинг ҳалоллигини унинг тестда белгилаган жавоблари эмас, бойлигининг қонуний келиб чиқишини тушунтириб бера олиши кўрсатади.
