Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Янги Ялта: Путин ҳали ҳам дунёни бўлиб олишни орзу қилмоқда

Financial Times хабар беришича, Кремлга яқин манба Трамп, Путин ва Си Цзиньпиннинг Хитойдаги учрашувидан «Янги Ялта» келишувини кутаётганини билдирган.
Аммо Путин бир муҳим ҳақиқатни унутмоқда: бугунги Россия 1945 йилдаги Совет Иттифоқи эмас. Дунё ҳам ўша дунё эмас.
1945 йилда СССР Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан давлатлардан бири сифатида Европанинг урушдан кейинги тақдирини белгилашда ҳал қилувчи роль ўйнаган эди.
Бугун эса Россиянинг иқтисодий салоҳияти АҚШ ва Хитойникидан бир неча баробар кичик. Ҳатто Ҳиндистон ҳам иқтисодий жиҳатдан Россиядан ўзиб кетган.
Киевни бир неча кунда эгаллашни режалаштирган Путин тўрт ярим йилдан буён Украинада ўзининг асосий мақсадларига эриша олмаяпти.
Дунёда ядровий қуролга эга давлатлар сони ҳам 1945 йилга нисбатан анча кўпайган. Ҳиндистон каби янги иқтисодий ва сиёсий кучлар майдонга чиққан.
Россия ҳали ҳам йирик ядровий давлат. Аммо бу унга бошқа халқларнинг тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқини бермайди. Путин орзу қилаётган «Янги Ялта» учун Россиянинг иқтисодий ва сиёсий имкониятлари Совет Иттифоқининг ўша даврдаги мавқеига тенг эмас.
Бу воқеалардан Ўзбекистон қандай хулоса чиқариши керак?
9 – 10 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Россиянинг ТАСС агентлиги ҳамкорлигида медиафорум ўтказилди. Унда ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мен Россия давлат пропагандасининг муҳим воситаларидан бири бўлган ТАСС билан бундай ҳамкорликни қоралайман. Бу Ўзбекистоннинг мустақил ахборот маконига жиддий хавф туғдиради.
Ўзбекистон ҳукумати бир ҳақиқатни тушуниши керак: Путин билан сиёсий ўйинлар ўйнаш, унинг ахборот, иқтисодий ва сиёсий таъсирини кучайтириш мамлакатимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини йўқотиш хавфини оширади.
Ўзбекистон Россия билан муносабатларида ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Аммо бу Кремлнинг империячилик сиёсатига ён бериш дегани эмас. Аксинча, мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини ҳар қандай ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий тамойили бўлиши шарт.
Ўзбекистоннинг келажаги Москвада ҳам, Вашингтонда ҳам, Пекинда ҳам эмас, Ўзбекистон халқининг ўзи томонидан белгиланиши керак!
Пўлат Ахунов
«Бирлик» етакчиси · ACA раиси
