Матбуот эркинлиги: Сенатнинг хавотири ва ИИВнинг муносабати

2026 йил 15 октябрда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгаши мамлакатимизнинг халқаро матбуот эркинлиги рейтингидаги ўрнидан хавотир билдириб, вазиятни яхшилаш бўйича махсус қарор қабул қилди.

Сенатнинг ўзи мамлакатда оммавий ахборот воситалари устидан давлат назорати юқорилигини, журналистларга нисбатан босим ҳолатлари мавжудлигини ва мустақил журналистика ривожига тўсиқлар борлигини эътироф этмоқда.

Бу муаммоларнинг расман тан олиниши, албатта, ижобий қадам. Аммо асосий савол бошқа: давлат матбуот эркинлигини таъминламоқчими ёки халқаро рейтингдаги ўрнини яхшиламоқчими?

Шу нуқтаи назардан, Kun.uz журналистларининг автомобил савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари юзасидан ўтказган суриштирувига ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг муносабати жиддий саволларни келтириб чиқаради.

Энг қизиғи, Шоҳрух Ғиёсовнинг ўзи ҳам Сенат қарори билан Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги индексидаги ўрнини яхшилаш бўйича тузилган ишчи гуруҳ таркибига киритилган!

Журналистик суриштирувни бир тарафлама ва шов-шувга қаратилган деб баҳолаган амалдорнинг матбуот эркинлигини яхшилаш бўйича ишчи гуруҳда иштирок этиши қандай мантиққа тўғри келади?

Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат. Бундай тизимда ИИВ ва мустақил журналистлар тенг мавқеда эмас. ИИВнинг қўлида тергов ўтказиш, одамларни ушлаш ва мажбурлов чораларини қўллаш ваколати бор. Журналистнинг қўлида эса қалам, камера ва сўз бор.

Ўзбекистонда журналистлар ва блогерларга нисбатан босим ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Шунинг учун куч ишлатувчи тузилмаларнинг журналистларга муносабатига оддий баҳс сифатида қараб бўлмайди.

14 ноябрда Шоҳрух Ғиёсов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу қарорнинг сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Лекин масала бир амалдорда эмас, тизимда.

Бундай ҳар бир ҳолат фақат алоҳида амалдорнинг хатти-ҳаракатларига эмас, балки бутун сиёсий тизимга берилган баҳодир.

Матбуот эркинлиги халқаро рейтинглардаги ўрин билан эмас, журналистларнинг давлат органлари фаолиятини қанчалик эркин ва хавфсиз суриштира олиши билан белгиланади.

Демократик давлатда журналистлар ҳокимиятга эмас, ҳокимият жамиятга ҳисоб беради.

Пўлат Ахунов