Жаслиқ ёпилди. Аммо адолат тикландими?

Яқинда Kun.uz нашри Жаслиқ қамоқхонасининг собиқ маҳбуслари — ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов ва собиқ ички ишлар ходими Жамол Азаматовнинг хотираларига бағишланган материални эълон қилди.

Уларнинг гувоҳликлари Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги энг оғир ва фожиали саҳифалардан бирини яна бир бор ёдга солди.

Жаслиқ Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида қийноқлар, шафқатсиз муомала ва инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши билан ном чиқарган қамоқхона эди. У ерда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган кўплаб инсонлар жазо ўтаган.

Собиқ маҳбуслар калтаклаш, руҳий тазйиқ, инсоний қадр-қимматни таҳқирлаш, маҳбусларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини чеклаш ва турли баҳоналар билан қамоқ муддатини узайтириш каби ҳолатлар ҳақида сўзлаб беришмоқда.

Бундай маълумотлар фақат собиқ маҳбусларнинг хотираларига асосланмайди. Human Rights Watch ва бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Жаслиқдаги қийноқлар ва ғайриинсоний шароитлар ҳақида кўп йиллар давомида хабар бериб келган.

Мен ҳам Ўзбекистон қамоқхоналари ва ахлоқ тузатиш меҳнат колонияларида қарийб тўрт йил умримни ўтказган собиқ сиёсий маҳбусман. Жаслиқда жазо ўтамаганман. Аммо Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари орасида Жаслиқ энг даҳшатли қамоқхона сифатида ном қозонгани менга яхши маълум.

Шунинг учун бу инсонларнинг гувоҳликлари мен учун бегона эмас.

Бироқ бугун мен ўз бошимдан кечирган воқеалар ҳақида эмас, балки Ўзбекистонда сиёсий қатағонларга учраган инсонлар тақдири, давлатнинг улар олдидаги масъулияти ва тарихий адолатни тиклаш зарурати ҳақида гапирмоқчиман.

Жаслиқнинг ёпилиши муҳим қадам бўлди

2019 йил август ойида президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди.

Бу қарорни, шубҳасиз, ижобий баҳолаш керак.

Жаслиқни ёпиш талаби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кўп йиллар давомида илгари суриб келинган эди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари ҳам бу масалани кўтарган.

Жаслиқнинг ёпилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган муҳим ўзгаришлардан бири бўлди.

Аммо бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак:

Қамоқхонани ёпиш — адолатни тиклаш йўлидаги муҳим қадам. Лекин бу ҳали адолатнинг тикланганини англатмайди.

Жаслиқ ёпилди. Аммо у ерда қийноққа солинган инсонларнинг тақдири нима бўлди?

Ноҳақ судланганлар оқландими?

Қийноқлар ва бошқа қонунбузарликларга алоқадор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қандай ҳал этилди?

Жабрланганлар ва уларнинг оилалари етказилган зарар учун адолатли товон олдими?

Бу саволларга жамоатчилик олдида аниқ жавоблар берилиши керак.

Масала фақат Жаслиқда эмас

Жаслиқ Ўзбекистондаги сиёсий қатағонлар тарихининг энг машҳур рамзларидан бирига айланди. Аммо сиёсий таъқиблар фақат шу қамоқхона билан чекланмаган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатда мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, диний эътиқоди ёки сиёсий қарашлари сабабли таъқибга учраган фуқаролар турли жиноий айбловлар асосида озодликдан маҳрум этилди.

Уларнинг кўпчилиги узоқ йилларини қамоқхоналарда ўтказди, оилаларидан, фарзандларидан ва оддий инсоний ҳаётдан маҳрум бўлди.

Бугун биз айнан шу инсонларнинг тақдири, уларга нисбатан содир этилган адолатсизликлар ва давлатнинг улар олдидаги масъулияти ҳақида гапиришимиз керак.

Сиёсий таъқиблар, қийноқлар, сохталаштирилган айбловлар ва адолатсиз суд қарорлари ҳуқуқий баҳосиз қолмаслиги лозим.

Бу ерда яна бир муҳим масала бор.

Маҳбусни афв этиш ёки муддатидан олдин озод қилиш унинг ноҳақ судланганини ҳуқуқий жиҳатдан тан олиш билан бир хил эмас.

Афв – жазодан озод қилиш. Реабилитация эса инсонга нисбатан қилинган адолатсизликни тан олиш ва унинг бузилган ҳуқуқларини тиклашдир.

Айнан шунинг учун сиёсий қатағон қурбонларининг ҳуқуқий реабилитацияси алоҳида аҳамиятга эга.

Каримов давридаги сиёсий қатағонларни расман қоралаш вақти келди

Менимча, бугун Ўзбекистон олдида турган муҳим вазифалардан бири — Ислом Каримов ҳукмронлиги давридаги сиёсий қатағонлар тизимига давлат даражасида очиқ сиёсий баҳо беришдир.

Совет Иттифоқида Сталин давридаги оммавий қатағонлар кейинчалик расман қораланган, кўплаб қурбонлар оқланган ва уларнинг хотирасини тиклаш жараёни бошланган эди.

Албатта, бу жараён бир кунда амалга ошмаган ва унинг ўзи ҳам кўплаб зиддиятларга эга бўлган. Аммо давлатнинг ўтмишдаги қатағонларни очиқ қоралаши муҳим сиёсий қадам бўлган.

Нега мустақил Ўзбекистонда ҳам шундай қадам ташланмаслиги керак?

Гап Ислом Каримов даврида амалга оширилган барча ишларни инкор этиш ёки мамлакатнинг бутун мустақиллик тарихини қоралаш ҳақида кетмаяпти.

Гап айнан сиёсий мухолифатни таъқиб қилиш, фуқароларни сиёсий ва диний қарашлари учун қамаш, қийноқлар ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга йўл қўйган тизимни давлат даражасида очиқ қоралаш ҳақида кетмоқда.

Бундай сиёсий баҳо бериш алоҳида шахсларга нисбатан суд ҳукмининг ўрнини босмайди. Аммо у давлатнинг ўтмишдаги адолатсизликларга муносабатини аниқ белгилаб беради.

Бугунги Ўзбекистон раҳбарияти Каримов давридаги сиёсий қатағонларни расман қоралаши, жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича давлат дастурини қабул қилиши ва бу жараённинг очиқ ҳамда мустақил амалга оширилишини таъминлаши керак.

Бу қадам кимгадир қарши сиёсий кураш эмас, балки мамлакатнинг ўз ўтмиши билан юзлашиши, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаши учун зарур.

Ўтмишдаги сиёсий қатағонларни расман қораламасдан туриб, уларнинг такрорланмаслигига мустаҳкам сиёсий ва ҳуқуқий кафолат яратиш қийин.

Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши муҳим амалий қадам бўлган эди. Энди эса навбатдаги қадам — ўша қатағонлар тизимига давлат даражасида очиқ сиёсий баҳо беришдир.

Давлат ўз ўтмиши билан юзлашиши керак

Ўзбекистонда тарихий адолат ҳақида гап кетганда, одатда совет давридаги қатағонлар эсга олинади.

Албатта, ўша даврдаги қурбонлар хотирасини тиклаш ва уларнинг тарихини ўрганиш муҳим.

Лекин бир савол туғилади:

Нега биз совет давридаги сиёсий қатағонларни ўрганишимиз керак-у, мустақил Ўзбекистон даврида содир бўлган сиёсий таъқибларга ҳам худди шундай сиёсий ва ҳуқуқий баҳо бермаслигимиз керак?

Адолат даврга ёки сиёсий раҳбарларга қараб ўзгармаслиги лозим.

Агар инсон сиёсий қарашлари учун ноҳақ қамалган бўлса, бу адолатсизлик қайси даврда содир этилганидан қатъи назар, унинг ҳуқуқлари тикланиши керак.

Бунда гап ўтмишдаги сиёсий зиддиятларни қайта қўзғатиш ёки кимдандир қасос олиш ҳақида кетмаяпти.

Гап ҳақиқатни аниқлаш, жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва келажакда бундай воқеалар такрорланмаслигини таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Давлат ўз тарихидаги хатоларни тан олиши уни заифлаштирмайди. Аксинча, қонун устуворлигига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Нима қилиш керак?

Менимча, Ўзбекистонда сиёсий қатағонлар оқибатларини бартараф этиш масаласини давлат сиёсати даражасида кўриб чиқиш вақти келган.

Бунинг учун қуйидаги амалий қадамларни ташлаш зарур.

Биринчидан, Ўзбекистон раҳбарияти Ислом Каримов давридаги сиёсий қатағонлар тизимини расман қоралаши ва давлат номидан аниқ сиёсий муносабат билдириши керак.

Иккинчидан, мустақиллик давридаги сиёсий таъқиблар, қийноқлар ва инсон ҳуқуқларининг оғир бузилишларини ўрганадиган мустақил комиссия ташкил этиш лозим. Унинг таркибида мустақил ҳуқуқшунослар, тарихчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва жабрланганлар вакиллари иштирок этиши керак.

Учинчидан, сиёсий сабаблар билан ноҳақ судланган шахсларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш ва уларни ҳуқуқий реабилитация қилишнинг очиқ, адолатли ва самарали механизмини яратиш зарур.

Тўртинчидан, қийноқлар, ғайриқонуний қамоққа олиш ва далилларни сохталаштириш каби ҳолатлар мустақил равишда текширилиши, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги қонун асосида ҳал қилиниши керак.

Бешинчидан, жабрланганларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиши лозим.

Олтинчидан, сиёсий қатағонлар тарихи бўйича архив материалларини қонун доирасида тадқиқотчилар учун очиш, гувоҳликларни тўплаш ва уларни келажак авлодлар учун сақлаш муҳим.

Буларнинг барчаси қонун устуворлиги, холислик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланиши шарт.

Яна бир Жаслиқ пайдо бўлмаслиги учун

Жаслиқ тарихи бизга фақат ўтмиш ҳақида эмас, давлат ва инсон ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳам сабоқ беради.

Бир давлат раҳбари даврида инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга имкон берган тизим кейинги раҳбар даврида ислоҳ қилиниши мумкин.

Аммо инсон ҳуқуқларининг кафолати фақат раҳбарнинг шахсий иродасига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.

Бугун бир раҳбар қамоқхонани ёпиши мумкин. Эртага бошқа раҳбар яна шундай муассаса оча олмаслиги учун эса мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар зарур.

Бунинг учун мустақил судлар, эркин адвокатура, самарали парламент назорати, мустақил оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролик жамияти керак.

Қамоқхоналардаги шароитларни мустақил кузатиш, маҳбусларнинг шикоятларини холис текшириш ва қийноқлар ҳақидаги хабарларга тезкор ҳуқуқий муносабат билдириш тизими амалда ишлаши шарт.

Инсон ҳуқуқларининг энг ишончли кафолати — яхши раҳбарнинг ўзи эмас, балки ҳар қандай раҳбар амал қилиши шарт бўлган қонунлар ва мустақил институтлардир.

Адолат ҳақиқатни тан олишдан бошланади

Жаслиқнинг ёпилиши Ўзбекистон тарихида муҳим воқеа бўлди.

Лекин бу тарихнинг охирги нуқтаси бўлмаслиги керак.

Жаслиқ ва бошқа қамоқхоналарда ҳуқуқлари бузилган инсонларнинг тақдири, сиёсий таъқибларга учраган фуқароларнинг реабилитацияси ва ўтмишдаги қонунбузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш масалалари ҳам ўз ечимини топиши лозим.

Мен собиқ сиёсий маҳбус сифатида бу масалани шахсий адоват нуқтаи назаридан эмас, Ўзбекистоннинг келажаги нуқтаи назаридан кўтараман.

Бизга ўтмиш учун қасос эмас, адолат керак.

Бизга ҳақиқатни яшириш эмас, уни очиқ тан олиш керак.

Бизга фақат ўтмишни эслаш эмас, бундай адолатсизликлар бошқа такрорланмайдиган давлат тизимини барпо этиш керак.

Жаслиқни ёпиш билан сиёсий қатағонлар тарихига нуқта қўйиб бўлмайди. Бунинг учун Каримов давридаги сиёсий қатағонлар тизими давлат даражасида расман қораланиши ва унинг қурбонларига нисбатан адолат тикланиши керак.

Чунки адолат ўтмишни унутишдан эмас, ҳақиқатни тан олишдан бошланади.

Пўлат Ахунов
«Бирлик» етакчиси · Association Central Asia раиси