Абдураҳим Пўлатов: халққа садоқат ва мустаҳкам ирода тимсоли

«Бирлик» халқ ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан хотиралар.

Бугун, 7 ноябрь — «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири, таниқли олим, профессор ва жамоат арбоби Абдураҳим Пўлатов таваллуд топган кун.

Абдураҳим ака нафақат сиёсий раҳбар, балки бизга мустақил фикрлашни, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишни ва халқ дардига бефарқ бўлмасликни ўргатган устозларимиздан бири эдилар.

Бугун у киши ҳақида ўзим билган, кўрган ва эшитган хотираларимни баҳам кўрмоқчиман.

Олимликдан халқ ҳаракати раҳбарлигига

Абдураҳим ака Ўзбекистон Фанлар академиясининг Кибернетика илмий-тадқиқот институтида лаборатория мудири лавозимида ишлаган эдилар. У киши фан доктори, профессор бўлганлар.

Илм-фан соҳасида катта ютуқларга эришган бўлсалар-да, халқимизнинг дарди ва мамлакатимиз тақдирига бефарқ қараб туролмадилар.

«Бирлик» халқ ҳаракати раиси сифатида Ўзбекистонда содир бўлган фожиаларнинг сиёсий сабабларини очиқ-ойдин кўтариб чиққан, уларга муносабат билдирган етакчилардан бири эдилар.

У киши Ўзбекистонда одамларни илк бор оммавий митинглар ва кўча намойишларига олиб чиққан демократик ҳаракат раҳбарларидан бири бўлдилар.

Ўша даврда халқни ўз ҳуқуқларини талаб қилишга, ўз фикрини очиқ айтишга чақириш осон иш эмас эди.

Бизга мустақил фикрлашни ўргатган устоз

Абдураҳим ака бизга мустақил фикрлашни, ҳар қандай вазиятда инсонлар билан мулоқот қилишни, масъулиятни ўз зиммамизга олишни ўргатган устозларимиздан эдилар.

Айниқса, совет армиясида хизмат қилаётган ўзбекистонлик йигитларнинг тақдири билан шуғулланган йилларимиз менинг хотирамда чуқур из қолдирган.

Абдураҳим ака бизга «Бирлик» халқ ҳаракати таркибида хотин-қизлар қўмитасини ташкил этишни таклиф қилган эдилар. Бу ташаббус, аввало, армиядаги фарзандларимиз муаммолари билан шуғулланиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ эди.

Биз Москвага бориб, Борис Ельцин, Руслан Хасбулатов ва демократик қарашдаги депутатлар билан учрашдик. Уларни Ўзбекистондаги қонунбузарликлар, республикадаги вазият ва совет армиясида хизмат қилаётган йигитларимизнинг оғир аҳволи ҳақида хабардор қилдик.

Москвада пикетлар ўтказдик. СССР мудофаа вазири Дмитрий Язов қароргоҳи томон ташкил этилган норозилик юришида ҳам қатнашдик.

Абдураҳим ака бизнинг бу ишларимизни қўллаб-қувватлаб, фаоллигимиз учун миннатдорлик билдирган эдилар.

Мен бу ҳаракатларимизнинг барчасида Абдураҳим акадан олган сабоқларимизнинг ўрни беқиёс бўлган, деб ҳисоблайман.

Шахсий манфаатдан устун қўйилган принциплар

Абдураҳим аканинг мен учун энг муҳим фазилатларидан бири — ўз сиёсий қарашлари ва принципларига охиригача содиқ қолганларидир.

У киши яккаҳокимлик тузуми билан келишувга бориб, ўз эътиқодларини шахсий манфаатга алмаштирмадилар.

Мен Абдураҳим аканинг оилавий шароитларини яхши билардим. Чунки Тошкентда бир-биримизга яқин яшаганмиз. У кишининг уйлари биз яшаган жойдан икки уй нарида, «Дом быта» бекати атрофида эди.

Абдураҳим ака оилалари билан бешинчи қаватдаги кичик икки хонали ижара уйда яшар эдилар.

Шундай шароитда ҳам ўз қарашларидан қайтмаганлар.

Менга маълум бўлишича, Ислом Каримов Абдураҳим акага Кибернетика институти директори лавозимини таклиф қилган, шунингдек, у кишининг ўзларига ва олти нафар укаларига уй-жой берилишини ваъда қилган.

Аммо Абдураҳим ака бу таклифларни рад этганлар.

У киши учун ўз эътиқоди, халқ олдидаги масъулияти ва сиёсий принциплари шахсий манфаатлардан устун эди.

Муҳожирликда ҳам Ватан орзуси билан

Абдураҳим аканинг яраланганлари, уларга нисбатан қилинган зўравонликлар ҳақида кўпчилик билади.

Кейинчалик у киши хорижга кетишга мажбур бўлдилар. Аммо Ватан ва «Бирлик» тақдири ҳақида ўйлашдан тўхтамадилар.

Менинг билишимча, Абдураҳим ака АҚШда яшаган бўлсалар ҳам, Америка фуқаролигини олмаган эканлар.

У кишининг энг катта орзуларидан бири Ўзбекистонга қайтиш, «Бирлик» халқ ҳаракатининг қурultойини ўз Ватанида ўтказиш эди.

Шу мақсадда Ўзбекистон элчихонасига қайта-қайта мурожаат қилганлар, аммо ҳар сафар рад жавобини олганлар.

Кейинчалик Ўзбекистондаги фаолларга маблағ юбориб, онлайн қурultой ташкил этишни ҳам сўраганлар.

Афсуски, мамлакат ичидаги фаоллар бу ишни амалга ошира олмаганлар. Чунки ўша даврда сиёсий фаолият қаттиқ назорат остида эди.

Абдураҳим ака эса охиригача «Бирлик»нинг фаолияти тикланишига, ҳаракат ўз юртида эркин ишлашига умид қилганлар.

Сафдошларини ва уларнинг оилаларини унутмаган инсон

Абдураҳим ака хорижда яшаб туриб ҳам Ўзбекистондаги фаолларга, шунингдек, вафот этган сафдошларининг оилаларига моддий ёрдам юбориб турганлар.

Бу ҳақда мен у кишининг рафиқалари Саидахон опадан ҳам эшитганман.

Саидахон опанинг айтишларича, Абдураҳим ака юборган хайрия маблағларининг квитанцияларини сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳужжатларнинг барчаси Саидахон опада борлигини айтганлар.

Аммо мени ранжитган яна бир ҳолат ҳам бор.

Абдураҳим ака моддий ёрдам берган айрим фаоллар кейинчалик у кишининг ўзлари ҳақида ёмон гаплар тарқатганларини эшитиб, хафа бўлар эканлар.

Яна бир воқеани ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Менга маълум бўлишича, Абдураҳим ака хорижга кетаётган пайтларида «Бирлик»нинг яқин фаолларидан бирига катта миқдордаги гонорар олиб берган эканлар.

Бу маблағни ҳаракат фаолиятини давом эттириш, Ўзбекистондаги фаолларга ойлик тўлаш учун ишлатишни сўраганлар.

Аммо кейинчалик ўша фаол маблағни ўз оиласининг эҳтиёжларига сарфлаганини айтган экан.

Бу воқеани мен Абдураҳим аканинг рафиқалари Саидахон опадан эшитганман ва жуда ҳайрон қолганман.

Албатта, мен бу воқеанинг бевосита гувоҳи эмасман. Аммо Саидахон опадан эшитганим учун уни ҳам ўз хотираларимда қайд этишни лозим топдим.

Мени қаттиқ таъсирлантирган воқеа

Абдураҳим ака ҳақида эшитганларим орасида бир воқеа борки, уни ҳалигача ҳаяжонсиз эслай олмайман.

Саидахон опанинг айтишларича, Абдураҳим ака хорижда бир дўконга тозаловчи бўлиб ишга кирган ва олган маошларини Ўзбекистондаги фаолларга ёрдам сифатида юборган эканлар.

Бу гапни эшитганимда бир неча кун ўзимга келолмадим.

Бир пайтлар катта илмий муассасада лаборатория бошқарган, фан доктори ва профессор бўлган, мамлакатимиздаги демократик ҳаракатнинг етакчиларидан бири саналган инсоннинг ўз сафдошларига ёрдам бериш учун шундай меҳнат қилганини эшитиш менга қаттиқ таъсир қилди.

Ўша пайтда ўзимга: «Абдураҳим ака Ўзбекистондаги фаоллар учун шунчалик жон куйдирган эканлар-а!» — дедим.

Бу воқеа менинг у кишига бўлган ҳурматимни янада оширди.

Мен учун бу — Абдураҳим аканинг халққа, сафдошларига ва ўз эътиқодига садоқатининг яна бир ифодаси эди.

Абдураҳим ака, сизни унутмаймиз!

Бугун Абдураҳим аканинг таваллуд кунларида у кишини чуқур ҳурмат, миннатдорлик ва соғинч билан хотирлайман.

Абдураҳим ака!

Сиз бизга пўлатдек мустаҳкам ирода қандай бўлишини кўрсатдингиз.

Сиз ўз ҳаётингиз билан меҳр-шафқат, раҳмдиллик ва инсонларга садоқат нималигини намоён этдингиз.

Сиз Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси сифатида яшашга, одамларга яхшилик қилишга ва ўз эътиқодингизга содиқ қолишга интилдингиз.

Мен сизнинг юртимизга ва халқимизга бўлган садоқатингиз ҳақида қанча ёзсам ҳам, барчасини айтиб тугата олмайман.

Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин. Жойингиз жаннатдан, охиратингиз обод бўлсин!

Ишонаманки, сиз орзу қилган кунлар ҳам келади. «Бирлик» халқ ҳаракати ишончли қўлларда ўз фаолиятини давом эттиради, Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ва парламентда ўз ўрнига эга бўлади.

Сизнинг номингиз келажак авлодлар хотирасида, ёшлар овозида ҳамиша янграб туради.

Омин!

Лутфи Йўлдошева
«Тўмарис» аёллар ҳаракати етакчиларидан бири,
«Бирлик» халқ ҳаракатининг фаол аъзоси.