Президент Администрацияси амалдорларига дахлсизлик нима учун керак?

2026 йил 14 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-1182-сонли қонун билан Ўзбекистонда айрим мансабдор шахсларнинг дахлсизлиги ва иммунитетига оид янги қоидалар белгиланди.

Қонунга кўра, Президент Администрациясининг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзоларига, жумладан, собиқ турмуш ўртоқларига ҳам умрбод иммунитет назарда тутилган. Администрациянинг бошқарув ходимлари учун эса алоҳида процессуал кафолатлар белгиланган.

Бу ерда принципиал савол туғилади: Президент Администрацияси амалдорларига бундай дахлсизлик нима учун керак?

Мен собиқ депутат сифатида депутатлик дахлсизлигининг аҳамиятини яхши тушунаман.

Депутат халқ томонидан сайланади. Унинг вазифаси сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунлар қабул қилиш ва ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилишдан иборат. Депутатлик дахлсизлиги уни ҳокимиятнинг эҳтимолий тазйиқларидан ҳимоя қилиб, халқ вакили сифатидаги вазифасини мустақил бажаришига хизмат қилади.

Швеция ва Германия каби демократик давлатларда ҳам депутатларга ана шундай махсус ҳуқуқий кафолатлар берилган. Аммо бу кафолатлар депутатнинг шахсий имтиёзи эмас, парламент мустақиллигини таъминлаш воситасидир.

Президент Администрацияси ходимларининг мақоми эса бутунлай бошқача. Улар халқ томонидан сайланмайди, балки Президент ҳокимияти тизимида хизмат қилади.

Ўзбекистонда давлат бошқарувининг асосий ваколатлари Президент атрофида жамланган. Парламент ва суд ҳокимиятини мустақил дейиш қийин.

Шундай шароитда Президент Администрацияси амалдорларини кимдан ҳимоя қилиш учун уларга алоҳида дахлсизлик берилмоқда?

Бу савол бизни аввалги бир муаммога қайтаради.

Мен «Нега Президент ўз Администрациясини тобора кучайтиришга мажбур бўлмоқда?» номли мақоламда (https://harakat.net/3333/), Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари Президентга бўйсундирилгани, парламент мустақил сиёсий куч эмаслиги, суд ҳокимияти эса ижро ҳокимиятидан мустақил эмаслигини таъкидлаган эдим.

Ҳокимиятнинг бир шахс қўлида тўпланиши давлат институтларини заифлаштириб, Президентни барча масалаларга шахсан аралашишга мажбур қилаётганини кўрсатган эдим.

Энди эса Президент ўз Администрацияси ходимларига алоҳида дахлсизлик бермоқда.

Бу қарор Президент ўзига бўйсундирилган давлат институтларига ҳам ишонмаслигини кўрсатади. Акс ҳолда, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг назорати остида бўлган бир шароитда, ўз амалдорларини кимдан ҳимоя қилмоқчи?

Қонунда яна бир ўта жиддий масала бор. Президент Администрацияси мансабдор шахсларининг нафақат ўзларига, балки уларнинг турмуш ўртоқлари, собиқ турмуш ўртоқлари, фарзандлари ва ота-оналарига ҳам умрбод иммунитет берилмоқда.

Бу қандай ҳуқуқий мантиққа асосланган?

Депутат дахлсизлиги халқ вакиллигини ҳимоя қилади. Дипломатларнинг оила аъзоларига бериладиган иммунитет эса халқаро дипломатик фаолият билан боғлиқ.

Аммо Президент Администрацияси амалдорининг хотини, эри, фарзанди ёки ота-онаси қандай давлат ваколатини бажарадики, уларга умрбод иммунитет берилиши керак? Ҳатто собиқ турмуш ўртоғига ҳам!

Бу ерда гап амалдорнинг хизмат вазифасини ҳимоя қилиш ҳақида эмас, унинг қариндошларига ҳам алоҳида ҳуқуқий мақом бериш ҳақида кетмоқда.

Қонун олдида тенглик принципи бор экан, бундай истисно қандай асосланиши мумкин?

Агар бу кафолатлар келажакдаги ҳокимият алмашинувидан ҳимоя қилиш учун ўйланган бўлса, тарихдан маълумки, сиёсий тузум ўзгарган пайтда қонун билан берилган имтиёзларнинг ўзи етарли кафолат бўла олмайди.

Амалдорларнинг хавфсизлиги алоҳида имтиёзларга эмас, мустақил суд, қонун устуворлиги ва барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқий кафолатларга таяниши керак.

Ўзбекистонга айрим амалдорларни бошқалардан алоҳида ҳимоя қиладиган тизим эмас, давлат хизматчиси ҳам, оддий фуқаро ҳам қонун олдида тенг бўладиган давлат институтлари керак.

Давлатнинг ҳақиқий мустаҳкамлиги ҳам шунда.

Пўлат Ахунов
«Бирлик» етакчиси · ACA раиси