Даромадлар декларацияси: нега тажриба амалдорлардан бошланмайди?

Ўзбекистонда даромадларни декларация қилиш тизимини жорий этиш бўйича янги қадам ташланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларидаги жисмоний шахслар учун даромадларни декларация қилиш бўйича тажриба-синов тартиби жорий этилмоқда.

Бу, албатта, ижобий қадам. Даромадларни декларация қилиш яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш ва иқтисодий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши мумкин.

Лекин декларация тизимининг яна бир муҳим вазифаси бор. У коррупция ва ноқонуний бойишга қарши курашнинг самарали воситаларидан биридир.

Ўзбекистонда давлат амалдорларининг ҳашаматли уй-жойлари, қимматбаҳо автомобиллари ва бошқа мол-мулклари ҳақида журналистик суриштирувлар ва танқидий мақолалар бир неча бор эълон қилинган.

Масалан, биз аввалроқ юқори лавозимли амалдор Шерзод Қудбиевнинг қимматбаҳо Breguet Marine соати ҳақида ёзган эдик.

Ўшанда бир қатор оддий саволларни қўйганмиз: бу соат қандай маблағ ҳисобига харид қилинган? Унинг қиймати амалдорнинг қонуний даромадларига мос келадими? Агар совға қилинган бўлса, ким томонидан ва қандай шароитда берилган?

Бу саволларнинг ўзи бирор қонунбузарлик содир этилганини англатмайди. Қимматбаҳо буюмга эгалик қилиш жиноят эмас. Аммо давлат лавозимидаги шахснинг даромадлари ва мол-мулки ўртасида тушунтириш талаб қиладиган тафовут мавжуд бўлса, уни қонун доирасида текшириш имконияти бўлиши керак.

Гап битта соат ёки битта амалдор ҳақида эмас. Гап давлат ҳокимияти вакилларининг молиявий шаффофлиги ҳақида кетмоқда.

Айнан шунинг учун вазирлар, ҳокимлар, депутатлар, давлат корхоналари раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг даромадлари, мол-мулки ҳамда молиявий манфаатларини декларация қилиш тизими алоҳида аҳамиятга эга.

Бу масала Ўзбекистонда кеча пайдо бўлган эмас. Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини 2022 йилдан жорий этиш режалаштирилган эди. Аммо орадан қарийб беш йил ўтаётган бўлса-да, бу тизим ҳануз тўлиқ ишга туширилмаган.

Энди эса фуқароларнинг даромадларини декларация қилиш бўйича тажриба бошланмоқда.

Шу ўринда табиий савол туғилади:

Нега бу тажриба, биринчи навбатда, давлат амалдорлари ва сиёсий лавозим эгаларидан бошланмайди?

Ахир айнан улар давлат бюджети, давлат мулки, ер ресурслари, давлат харидлари ва йирик иқтисодий қарорлар билан боғлиқ ваколатларга эга.

Уларнинг даромадлари ва мол-мулки устидан самарали назорат ўрнатилиши коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мен фуқароларнинг даромадларини декларация қилиш тизимига қарши эмасман. Аксинча, уни замонавий ва шаффоф иқтисодий бошқарувнинг зарур қисми деб ҳисоблайман.

Лекин бундай ислоҳотлар изчил ва адолатли бўлиши керак.

Давлат фуқаролардан молиявий шаффофликни талаб қилар экан, ўз амалдорларининг ҳам даромадлари ва мол-мулки қонун доирасида жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлаши шарт.

Коррупцияга қарши курашнинг ишонарлилиги ҳам, давлатга бўлган ишонч ҳам, аввало, шу ердан бошланади.

Пўлат Ахунов