20 March 2023
16:28 - Юсуф Жума: ЎЗИ ЭР ЭТМАСА, ЭР БЎЛГАН БОРМИ?!….


Бирон эр чиқмаган, чиқмас зотингдан,
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!
Яхмалак порлоқдир кўзинг ўтидан,
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!

Дамим ёқиб этар бутун кўкни кун,
Бундоқ кунни кутар минг йиллаб очун,
Этайми бошингда қуёшни қуюн?!
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!

Етакчим бўлишга сенда зўр истак,
Бўларми оташга ёнар қурт ўрнак?!
Қақнусга дарс берма, эй,кўршапалак,
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!

Менга кўёқлигинг бўлолмайди шон,
Эр донг билан эрдир, ҳар пуштим - хоқон.
Шонлари қошида шонсиздир осмон,
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!

Саноқли - ўтмишга солиб кўр элак:
Ўғизхон, Темурхон, Бобурхон юксак,
Эрлик деб кўрсатма тилингни, тентак,
Ўзи эр этмаса, эр бўлган борми?!

2023 йил, 19 март.

* * * * *
Ким кўркда - тенгсиз чиройда,
Белсиз билан беллашади?!
Чўмган сочга - қора сойга,
Белсиз билан беллашади.

Бўлай деб йўқ оғзига тенг,
Ҳар ғунча оғзи мунча кенг?! -
Анграйиб лол қотганлар - гунг,
Белсиз билан белашади.

Майсадан енгил салмоғи,
Из қолдирмайди оёғи,
Синдирар барча учмоқни,
Белсиз билан беллашади.

Ёғдуда юки бўлмайди,
Кўзимнинг суқи ўлмайди,
Эсим жойига келмайди,
Белсиз билан беллашади.

Ҳозир бўлса қачон,қайда,
Қолмайди кун - куну ойга,
БируБор ҳам ўша жойда,
Белсиз билан беллашади!!!

Деманглар - икки Тангрилик,
Ўртада йўқдир айрилик!!!
Оташим, битса айрилиқ,
Белсиз билан беллашади!!!

2023 йил, 19 март.