13 January 2023
20:58 - Юсуф Жума: БИР БАҒИРДА БАҒИРЛАШИБ, БИР ЙИҒИЛИБ ЎТИРМАДИК…

ТАНГРИМ ЙИҒЛАБ ТУРАР ҚОРА КУНИМДА…

(“Шунчаки шеърлар” туркумидан.)

Ота - онам, дўст - ёр ўтди,
Бир йиғилиб ўтирмадик.
Барчаси бирма - бир ўтди,
Бир йиғилиб ўтирмадик.

Кеча бола эди, бугун
Ўрни бўлди - қора ўрин,
Опагинам ўтди, нечун
Бир йиғилиб ўтирмадик.

Ўтди қариндошлар, хешлар,
Улуғ йўлда не - не эшлар,
Ўлимга ишлар турмушлар,
Бир йиғилиб ўтирмадик.

Бир куну - тун дийдорлашиб,
Бир баҳорда баҳорлашиб,
Бир бағирда бағирлашиб,
Бир йиғилиб ўтирмадик.

Энди армон қийнар мени,
Оташ тишда чайнар мени,
Тирноғи - ўт, тирнар мени,
Бир йиғилиб ўтирмадик.

Кўзга кўринмас чақмоқлар -
Учиб борар - учқур чоғлар,
Келинг, қолган ёр - иноқлар,
Бир йиғилиб ўтирайлик.

Келинг, бошимда ерлашинг,
Келинг, кўнглимда бирлашинг,
Келинг, жонимда тўрлашинг,
Бир йиғилиб ўтирайлик.

Тангрим, сўзингда йиғ бизни,
Тангрим,изингда йиғ бизни,
Тангрим, Ўзингда йиғ бизни,

Бир йиғилиб ўтирайлик!!!

2023 йил, 7 январь.


Ўргангин - ҳикмати хўбдан,
Ўрган - ўрган эси тўпдан,
Улардан ўрганмасанг ҳам
Ўрган пушаймони кўпдан!

Куйишдан дарс берса биров,
Майли тинглаб, англа бирров,
Лек пир оташдаги косов,
Ўрган пушаймони кўбдан.

Ўт бўлиб кўкка ўрлайди,
Икки очуни гурлайди,
Нечун манглайи шўрлайди,
Ўрган пушаймони кўпдан!

Қанча хато бўлса - қилган,
Қанча бало бўлса - билган,
Ҳар биридан адо бўлган,
Ўрган пушаймони кўбдан!

Барча ҳам адашган, бироқ
Қай дил дилимчалик чок-чок?!
Бор балога қизил чироқ -
Ўрган пушаймони кўпдан!

2023 йил, 7 январь.


Соғинчинг ичимни тиғлаб туради,
Етишмадим бошдан - оёқ гулимга.
Юрагим ичимда йиғлаб туради -
Тангрим йиғлаб турар ёнган йўлимда.

Битта сунбул эди - йўқ белинггача,
Йўқ белингнинг усти бир сунбул эди.
Иккинчи сунбул - соч - сунбулинггача,
Бўйинг - уч қат сунбул - жонга йўл эди.

Жон йўлим - устма -уст ўсган уч сунбул,
Жоним - уч қат сунбул, йўқдир қўйнимда.
Қон бўлиб йиғлайди Тангрили кўнгил -
Тангрим йиғлаб турар қора кунимда…

Устма - уст уч қат гул ўстирди Ўзи,
Тупроқсиз,томирсиз, ягона - битта.
Мени деб ўстирди, бой бердим ўзим,
Ўпкаланар дўсти бўлмаса пухта.

Лекин чинакам дўст Бирим - БируБор,
Ўкинар кул бўлиб ёнган хунимга.
Юрагим ичимда йиғлайди абгор -
Тангрим йиғлаб турар қора кунимда…

2023 йил, 12 январь.


Лаънати гала.


Бир йигитдан ғийбат урдилар узоқ,
“Хотини кўчада - ғирт суюқоёқ,”
- Мен ҳам ётиб - турдим, - деди беш - ўни,
Бас! - деди қўшниси - у ҳамон бўйдоқ…

2023 йил, 6 январь.


Кимгаки ишонсанг - вафо қилмайди,
Одамзот - тутруқсиз, кўнгил тўлмайди.
Бир Тангри алдамас - чунки гапирмас,
Айтилмаган сўзда ёлғон бўлмайди.

2023 йил, 7 январь.