11 January 2023
19:33 - Юсуф Жума: БИРДАН БОШҚА ҲЕЧ ҚАЧОН ЭР БИЛАН БИР БЎЛАРМИ?!…

Тангрим, сен менга бер ўч учун имкон,
Кўҳна ерларимни тортиб олдилар.
Бошимда қолмади дўппича осмон,
Тожимни олдилар, сиртмоқ солдилар.

Изн сўрашим шарт - солай десам из,
Ҳар бир одим учун шарт милён қоғоз.
Дерлар: - товон қўйма, тиз чўккин - қўй тиз,
Оёқ билан эмас, бош билан йўл бос…

Ер юзи, кўк юзи меники ахир,
Ўзинг бергансанку, таланди баттар:
Ер остида ҳатто қолмади томир,
Тоғларим ўрнида қолди тубсиз жар…

Тангрим, сен менга бер ўч учун имкон,
Шундоғ чоғ тўғилар чинакам ўччи.
Қон остига чўксин тўққизта осмон,
Қон узра силкинсин кўшкингнинг ичи.

Энг сўнгги ёвузнинг қуёши ботсин,
Сен ҳам бундай ўчни илк бор кўргин - шон!
Чингизхон арвоҳи севиниб айтсин:
Қошида менинг қон тўкканим ёлғон!!!…

2023 йил, 5 январь.


Бирдан бошқа ҳеч қачон эр билан Бир бўларми?!
Ҳатто белидан бўлган дўст - ҳамфикр бўларми?!
Тангри яратган Одам Тангридай бўлмадику,
Эрдан тўғилган барча эрдайин эр бўларми?!

2023 йил, 5 январь.


Уялиб қочаман, мен уни кўрсам,
Уялмай олганман, қарзини берса.
Тўкин яшардимку шўрликдан кўра,
Эслаб ўкинаман, жигарим пора.
Ичим ёниб турар пушмонлигимдан,

Дод деб юбораман нодонлигимдан.
Кишилар кунига ярадим бир оз,
Ноҳақ қамалсалар этганман халос.
Лекин бўлардику кўпроқ қўлласам,

Қудуқ бермай, кўза бердим чўлласа.
Чўллар қонга қонар гирёнлигимдан,
Дод деб юбораман нодонлигимдан.

Эсиз не-не ёрон ўтиб кетдилар,
Менинг кўмагимни кутиб кетдилар.
Ҳасса бўлдим, эсиз, бўлмадим қоя,
Бўлмадим орқатоғ ҳам турғун соя.

Соврилдим кўнглимдай талқонлигимдан,
Дод деб юбораман нодонлигимдан.
Кўз юмиқ, эс калта, адашган эрман,
Ўзимдан ўкиниб, ўзимни ерман.

Аҳмоқлигим бўлди - ёғийга имкон,
Ёрларга ёт бўлдим, ётларга ёрон.
Бахтсизман - бахтимга тўфонлигимдан,
Дод деб юбораман нодонлигимдан.

2023 йил, 2 январь.


Ўнггимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман,
Тонггимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман.
Кунимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман,
Тунимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман,
Ёнимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман,
Жонимда бўлсанг ҳам соғинмоқдаман.

Бир чоғлари сенсиз қолиб кетганман,
Сенга етганимча ўлиб кетганман.
Соғинч юрагимни ўртайди ҳануз,
Тунлари излайман қайда деб кундуз,
Кунлари излайман қайда деб юлдуз…
Ёнимда бўлсанг ҳам ишонмас жоним,
Жонимда бўлсанг ҳам ишонмас жоним.

Барчанинг бошига қор тушар, лекин
Тоғнинг тош бошида туради узоқ.
Кўкида ёнса ҳам ёзги порлоқ кун,
Тоғ - тоғ қалин қорлар бошида оппоқ.

Дард ҳам барча бошдан бирдай кечмайди,
Менинг тоғ бошимдан кечади оғир.
Менинг тоғ бошимдан қорлар кўчмайди,
Барчадан оғирроқ яшайди шоир…

2023 йил, 3 январь.


Қишнинг кунларида гулзорни кўрдим.
Пишган олмазорни - олзорни кўрдим.

Пишган шакарзорни, болзорни кўрдим,
Пишган гулзоризор - узорни кўрдим.

Қамишнинг ичидай тор куйлак ичра
Пишган боғда оқдан оқ қорни кўрдим.

Шу тор куйлак ичра бутун бир йилни -
Ёзу - кузу, қишу - баҳорни кўрдим.

Тангри қора тунни шудгор этибди -
Сочингни - поёнсиз шудгорни кўрдим.

Дудоғлар, қароқлар, бош - оёқ шудгор,
Куни шудгорланган дилдорни кўрдим.

Шудгорингга мени экса - кўкарсам,
Десамки, шудгорда чинорни кўрдим.

2023 йил, 4 январь.