04 November 2022
13:32 - АҚШ Ўзбекистон армияси махсус кучларига 2,8 миллион долларлик жанговар машиналар ҳадя қилди
АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон Мудофаа Вазирлиги Махсус операция кучларига 50 дона Polaris MRZR енгил-тактик жанговар машиналарни ҳадя қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

АҚШ тарафидан жанговар машиналарни Марказий қўмондонлик қўмондонининг ўринбосари генерал-майор Вендул Хаглер топширган, уларни Мудофаа Вазирлиги Махсус тезкор қўшинлар бошқармаси бошлиғи қабул қилиб олди. Маълум қилинишича, АҚШ Мудофаа вазирлигининг “Ҳамкорлар салоҳиятини ошириш” дастури доирасида тақдим этилган техникаларнинг қиймати 2,8 миллион долларга баҳоланган. Бу Американинг Ўзбекистонга ҳадя қилган мудофаа маҳсулотларининг бир қисми эканлиги айтилмоқда.

“Ушбу ускунанинг топширилиши Қўшма Штатлар Ўзбекистонга Ўзбекистоннинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш учун таклиф этаётган ёрдам шаклларидан бири холос. Қўшма Штатлар сўнгги 31 йил ичида сезиларли даражада ривожланган ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришни интиқлик билан кутмоқда”, дея генерал-майор Хаглер сўзларини келтирмоқда элчихона.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган ва президент Шавкат Мирзиёев, Хавфсизлик Кенгаши бош котиби ва мудофаа вазири билан учрашувлар ўтказган эди. Генерал Курилла Ўзбекистонга ташрифдан асосий мақсади минтақа хавфсизлигини таъминлашда зарур бўлган муносабатларни ўрнатиш эканлигини таъкидлаган ва яна келишга умид билдирган эди.