13 September 2022
15:10 - Юсуф Жума: ЎЗБЕКНИНГ ЮРТИГА БОСИБ КЕЛСА ЁВ, ЎЗБЕК ТУРИБ БЕРАДИМИ?!…

Тангридан юқори мен учун юртим,
Бединсан, - демагин, зинҳор жон дўстим.

Таъна тошларини отма - ўринсиз,
Юртини Тангридан паст қўйган - динсиз!

Кўнглимнинг эли бор - юрак тўпори -
Барчаси Ўзидан чексиз юқори!

Ота -онам, опам, укам, сингиллар,
Дўст - ёрлар - азизлар - очиқ кўнггиллар!

Кўпи ўтиб кетди, ўртайди зори,
Ҳамон юрагимда ҳақдан юқори!

Бир сулув, сувпари, чечакзор малак,
БируБордан кўра кўп карра юксак!

Калта ақл билан сўзимни йўйма,
Юсуфни Тангридан қуйида қўйма!

Юрагим тубида муқимдир Тангри,
ЎЗИдан тепада шу боис бари…

2022 йил, 7 сентябрь.

Ҳазил.

Болаларинг бола чоғда
Болам бор де, боланг бордир.
Кеча -қундуз ардоғингда,
Бахтиёрсан, бахтиёрдир.

Болаларинг улғайгач -уқ:
Боланг бўлишга чоғи йўқ.
Боласига ота бўлар,
Боласига она бўлар.

Энди боланг - боланг сиртдан,
Яқин эмас - яқин дўстдан.
Дўстим бор десанг - чин - аён,
Болам бор десанг - ғирт ёлғон.

Боласиз уй - мозор, дерлар,
Кўнггил кўникмас - оташда.
Болаларингни кўпайтир,
Юсуф, ишни қайта бошла!!!

2022 йил, 5 сентябрь.

Инсоният сўқирдир, шундан барча гуноҳлар,
Кимлар - эллар сиғинган юзлаб олампаноҳлар -
Шахмат тахтасидаги шоҳларга ўхшар шоҳлар,
Ўйнатувчилари бор, тождорлар қул - гумроҳлар…

2022 йил, 4 сентябрь.

Улар дўстларимдир, улар дўстларим,
Соч торин сонидан мўл кам - кўстлари.
Улар яхши эмас, улардан яхши
Йўқ, шундан ҳар бири кўп яхши киши…

2022 йил, 4 сентябрь.

Ҳазил.

Ичим ёнаяпти, ёнмоқда,ёнғин! -
Жононнинг додидан эри гирён,хун.
Музқаймоқ берайми? - Йўқ, бу оташни
Оташ севги билан ўчириш мумкин!…

2022 йил, 26 августь.

Ҳазил.

Ўзбекнинг юртига босиб келса ёв,
Туриб берадими? - сўрайди биров.
Дейман: ўзбек ботир - кўксини керар,
Туриб ҳам беради, ётиб ҳам берар…

2022 йил, 1 сентябрь.

Сўроғимнинг ўтини унутмаган -
Қулоғингга мендан салом айтиб қўй!
Дудоғимнинг ўтини унутмаган -
Дудоғингга мендан салом айтиб қўй!

Изларингда Ғирот бўлди - тойчоғим,
Бошдан - оёқ қанот бўлди - тойчоғим,
Тойчоғимнинг ўтини унутмаган
Сўқмоғингга мендан салом айтиб қўй!

Бол боғингни пиширганди - оловим,
Қаймоғингни пиширганди - оловим,
Қучоғимнинг ўтини унутмаган -
Қучоғингга мендан салом айтиб қўй!

Оёғингда ёна -ёна тоғ - тошим -
Бошим кундир - офтоб - қуёш, қуёшим,
Тош - Тоғимнинг ўтини унутмаган -
Оёғингга мендан салом айтиб қўй!

Ҳар ҳужайранг оташ жонимга - ўчоқ,
Ўчоғинг -кўк, оташим бўлди - чақмоқ,
Чақмоғимнинг ўтини унутмаган -
Ўчоғингга мендан салом айтиб қўй!

Соғ бўлсак, айрилиқ енггилар бир кун,
Гарчи сочингдайин бўлса ҳам узун.
Соғлигимнинг ўтини унутмаган -
Соғлигингга мендан салом айтиб қўй!

2022 йил, 9 сентябрь.