13 August 2022
06:18 - Юсуф Жума: ЎЗИНГДАН ЖИРКАНИБ, ЎЗИГА КЎЧГИН, КУРАШ - ТАНГРИ ИЗИ, ИЗИГА КЎЧГИН…
2022 йил, 10 августдаги қораламалардан.

Ёлғонларини фош этиб,
Дунёнинг додини бердим.
Қопқонларини фош этиб,
Дунёнинг додини бердим.

Кема деб чиққандим - йўлкин,
Ўпқон экан - тубсиз ўпқин,
Барчани ютади бетин,
Дунёнинг додини бердим.

Ёлғизлик музида музлаб,
Олов топдим -излаб - излаб -
Аждар оғзи, ейди жизлаб,
Дунёнинг додини бердим.

Аждаҳо ичида туриб,
Рост сўз билан ичин ёриб,
Ҳар ерда ҳақ билан юриб,
Дунёнинг додини бердим.

Очун қўрқса - чиндан қўрқар,
Чин аталган диндан қўрқар,
Чинни айтдим - мендан қўрқар,
Дунёнинг додини бердим.

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Бировдан жирканма, тани бошқадир,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.
Бировдан жирканма, жони бошқадир,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

Ўзинг билан гавданг бирдир - бу ёмон,
Ичи қора калланг бирдир - беомон,
Иллат - битмас яранг бирдир - бир ўпқон,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

Икки тананг бўлса, бирига кўчсанг,
Ичини тозалаб, ёғдулар сочсанг,
Қорасидан кечиб, оқига қочсанг,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

Ўзидан жирканмай юрган бўлса ким,
Барча пасткашликдан тубанда муқим,
Ўзингдан қочиш - дин - тинмагин бир зум,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

Майдонга жасорат бўлиб кўчиб ўт,
Минбарга адолат бўлиб кўчиб ўт,
Шу икки ибодат бўлиб кўчиб ўт.
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

Ўзимдан жирканиб, Ўзига қочдим,
Кураш - Тангри изи, изига қочдим,
Қора юзимдан оқ юзига қочдим,
Ўзингдан жирканиб, ўзингдан қочгин.

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Ойнага боқдингми, боқ - борми кўзинг,
Чинакам кўзгу - дўст - чин дўстми дўстинг?!

Ёр топдинг - бошингда, чинакамми, йўқ,
Ёстиқдошингга боқ, боқ - жуфтингга боқ!

Ёр - ёрон чиндан ҳам бўлса ёр - ёрон,
Демак, кўзинг бордир, йўқса йўқ - ёлғон.

Босган йўлингга боқ - энг тоза кўзгу -
Тилакка етдингми - сочарми ёғду?!

Кечган кечмишимга тикилдим - эсиз -
Менда кўз йўқ,инсон, сенда борми кўз?!…

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Кекса,ёлғиз эрга ўғли дер - ота,
Уч кунлик сув қолган уйда, албатта -

Уч кундан сўнг - сўзсиз - уйга қайтаман,
Булоқдан сув ташиб мўл - кўл этаман.

Ўғил кетди, бўлди момоқалдироқ,
Сел келди,денгиздек энди ҳамма ёқ.

Уч кун ўтди,вале қайтмади йигит,
Эрнинг юрагини ўртаётир ўт.

Ёғиб турар эди, кўклам боис сел,
Ўнлаб кунлар ўтгач, йўқлади ўғил.

Уч кундан сўнг қайтиб келаман - дединг,
Бир ойдан ошдику, қаёқда эдинг?!

Ота, хабарим бор - барча ёқ кўлку,
Сувга зор эмассиз - зиёда - мўлку?!

Гап фақат сувдами, гап сўзда,аҳмоқ,
Номард ўғил кўрмай ўтсайдим чанқоқ!..

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Барчага жон тикиб, жоним десанг ҳам,
Фақат танангдаги жонингдан фойда.
Тўққиз кўк - осмоним - шоним десанг ҳам,
Фақат танангдаги жонингдан фойда.

Озод бўлсин дея очунда барча,
Эсиз жоним дейман, ўртандим қанча?!
Мени сотиб кетди қанчадан - қанча,
Фақат танангдаги жонингдан фойда.

Гавдангда жони бор чоғда чинни уқ,
Жисмимда жон бор пайт уқмадим - эс йўқ,
Ҳаммага тикканман, қолмади бир юқ,
Фақат танангдаги жонингдан фойда.

Водариғ, барининг танаси бошқа -
Вафодан айрининг танаси бошқа,
Ҳаттоки Тангрининг танаси бошқа,
Фақат танангдаги жонингдан фойда.

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Умрим ўтди - қора кунда,
Қандоқсан? - деган бўлмади.
Ботқоқларда сўқмоқ бўлдим,
Сўқмоқсан - деган бўлмади.

Булутларда чақмоқ бўлдим,
Чақмоқсан - деган бўлмади.
Ҳақ йўлида сайроқ бўлдим,
Сайроқсан - деган бўлмади.

Эл пойида тупроқ бўлдим,
Тупроқсан - деган бўлмади.
Ёв бўйнида пичоқ бўлдим,
Пичоқсан - деган бўлмади.

Майсаларга бошоқ бўлдим,
Бошоқсан - деган бўлмади.
Подаларга ўтлоқ бўлдим,
Ўтлоқсан - деган бўлмади.

Зиндонларда чироқ бўлдим,
Чироқсан - деган бўлмади.
Ор кўкида байроқ бўлдим,
Байроқсан - деган бўлмади.

Аҳмоқ эл деб ўлган - аҳмоқ,
Аҳмоқсан - деган бўлмади.
Барчасига рози эдим,
Қандоқсан? - деган бўлмади.

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Қанча умр берайин? - сўрар оқилдан худо,
Чинакам ёр топгунча берсанг етарли - авло.
Мангуликни тиладинг - бундан ортиқ умр йўқ,
Мен топмаган нарсани қандоқ топасан,доно?!

2022 йил, 10 августь.

* * * * *

Висолига етказ - дедим, кўк устидан келди садо -
Етсанг, севинчдан юрагинг ёрилар, бўласан адо.
Ҳажрида бўлса ҳам яша - турмуш ҳам шириндан - ширин,
Йўқ,Тангрим, мангулигингдан ёрга етиб ўлмоқ авло.

2022 йил, 10 августь.

* * * * *
Сулувга кўркингдан кўрк бериб,Тангри,
Мени эс - ҳушимдан айладинг айри.
Сенга юкинаман мажнун бўлсам ҳам,
Пойига қўй - ўрним бўлсин юқори!

2022 йил,10 августь.

* * * * *

Менга жуда - жуда оз берди турмуш,
Оздан ҳам сен учун ажратдим улуш.
Чексиз бойлигинг бор, Тангрим, бермассан,
Сен учун уялиб яшайман хомуш…

2022 йил, 10 августь.