20 May 2022
19:38 - Ўзбекистонда уй-жойга талаб сезиларли ошибди, хўш, худудларда нархлар қандай?
Ҳа, ҳақиқатда шундай бўлибди: 2 ой ичида ўзбекистонликларнинг уй-жойга талаби сезиларли ошди – 15 фоиз. Иккиламчи бозорда нархлар 2 фоизга ошди. Ижара нархлари борасида етакчи ҳудудлар маълум қилинди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари апрел ойида кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли даражада ошганини кўрсатмоқда.

2022 йил апрел ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 23,4 мингтани ташкил этди, бу жорий йилнинг март ойига нисбатан (20,3 минг) 15,1 фоизга кўп бўлибди. Ўтган йилнинг мос даврига (20,8 минг) нисбатан ўсиш 12,6 фоизни ташкил этган экан.

Ҳудудлар кесимида энг юқори йиллик ўсиш суръатлари Хоразм (39 фоиз), Сурхондарё (32 фоиз), Наманган (29 фоиз), Жиззах (27 фоиз), Самарқанд (25 фоиз) вилоятларида қайд этилибди.

Айни замонда, Сирдарё (2,6 фоиз) ва Тошкент (2,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (3,8 фоиз) нисбатан пастроқ ўсиш суръатлари кузатилибди.

Жиззах (4,6 фоиз) ва Навоий (5,1 фоиз) вилоятларида юридик шахслар томонидан сотиб олинган кўчмас мулклар сони улушининг нисбатан юқорилиги мазкур ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти учун кўчмас мулк объектлари муҳим эканлигидан далолат беради.

Ҳудудлар бўйича жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича энг кўп шартномалар Тошкент шаҳри (6,9 минг), Тошкент (2,5 минг) ва Фарғона (2,1 минг) вилоятларида кузатилгани расман билдирилибди.

Шу билан бирга, юридик шахслар аксарият кўчмас мулкни Тошкент (79), Навоий (60) ва Жиззах (27) вилоятларида сотиб олишган.

Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўзгариши жуда катта бўлмоқда экан.

Масалан, таҳлил натижаларига кўра, апрел ойида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари март ойига нисбатан 2,1 фоизга ўсди (мартда 1,9 фоиз камайиш).

Нархларда энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах (6,5 фоиз), Андижон (5,3 фоиз), Тошкент (5,1 фоиз) ва Сирдарё (5 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Сурхондарё (-1,7 фоиз), Наманган (-1,4 фоиз) ва Хоразм (-1,2 фоиз) вилоятларида нархлар пасайган.

Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши муҳим аҳамиятга эга, чунки, бизда 1 кв.м. учун АҚШ долларида савдо қилинмоқда экан.

Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,3 фоизга ўсди. Уй-жой нархларининг ўсиши барча туманларда қайд этилган бўлиб, энг юқори ўсиш Бектемир (3,5 фоиз), Миробод (2,6 фоиз) ва Юнусободда (2,4 фоиз) кузатилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри бўйича апрел ойида ўртача ижара нархи 8,6 долларни (1 кв метр учун) ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоизга ўсган (мартда 9,1 фоиз ўсиш).

Туманлар кесимида юқори ижара нархлари Шайхонтоҳур (11,7 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,6 доллар) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ижара нархлари Сергели (5,6 доллар), Бектемир (6,2 доллар) ва Учтепа (6,7 доллар) туманларида кузатилибди.