12 May 2022
21:04 - Самарқандда икки қаватли савдо мажмуаси ёниб кетди, ҳаммаёқ дабдала!
Ёнғин оқибатида мажмуанинг 250 метр квадрат шифт, том қисми, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техникалар ва бошқа турдаги жиҳозлар ёниб кетгани вилоятда фафқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан хабар қилинмоқда.

Самарқанд вилояти Фавқулодда Вазиятлар Бошқармаси (ФВБ) томонидан хабар беришича, бугун, 2022 йил 12 май куни тунги соат 00:33 да Қўшработ тумани “Намуна” МФЙ Эргаш Жуманбулбул кўчасида жойлашган “Entrogroplyus” МЧЖга қарашли икки қаватли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.

Воқеа жойига зудлик билан 7 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Улар ҳодиса жойига соат 00:42 да етиб борган ва соат 03:52 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида савдо мажмуасининг тахминан 250 метр квадрат майдонида шифт, том қисми ва биринчи қаватда озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техникалар ҳамда бошқа турдаги жиҳозлар ёниб зарарланган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Хуллас, катта ёнғин бўлган, аммо моддий зарар миқдори ҳалигача аниқланмади. Аммо, аниқланади!!!