22 July 2021
16:00 - Юсуф Жума: ТАНГРИМ - ЎЧ - ОР - НОМУСДИР, ўзингдан - ЎЗИга кўч!!!

Чорасизликка - чораман,
Бечора бўлмагин - деди.
Ўзингни тозалаб бўлмас -
Овора бўлмагин - деди.
Ўзингдан кеч - ўзимга кўч,
Юз қора бўлмагин - деди.
Менга берса - Ўзи берди -
Жаҳонда йўғини берди,
Инсонда йўғини берди
Тавротда йўғини берди,
Инжилда йўғини берди,
Қуръонда йўғини берди.
Одамзот гуноҳин олган -
Исодан юким оғирдир
Тўққиз кўкингнинг юкидан
Бир дона туким оғирдир.
Бор бўлсам - борим оғирдир,
Йўқ бўлсам - йўғим оғирдир.

Муҳаммаддек Буроғим йўқ,
Мусодайин таёғим йўқ,
Исодайин тозалигим -
Сенга элтар учоғим йўқ.
Чексиз гуноҳларим бордир -
Қора юкдир - адоғи йўқ.

Қайдасан эй улуғ Тангрим,
Тур тоғига борайинми?
Мусо тузук кўролмаган
Оқ юзингни кўрайинми?
Кўк устига чиқолмасман,
Ер юзига чорлайинми?...

Деди-мен-ЎЧ! Деди-мен-ор,
ЎЧга боргин! Бор - ОРга - бор!!!
Тўғрини ёқлаган - менман,
Эгрини ўқлаган - менман!!!
Чинчидирман - гарчи ЧИНман!!!
Эминга эн - мен - ЭМИНман!!!

Менга берса - Ўзи берди,
Очунда йўғини берди,
Инсонда йўғини берди.
Тавротда йўғини берди,
Инжилда йўғини берди,
Қуръонда йўғини берди.

Элу юрт дардида ёндим,
Кулимни совуриб - тиндим.
ЎЧ - ОРга - Тангрига эндим,
Тўғрини оқладим - ундим,
Эгрини ўқладим - ундим!!!
Номусда тўғилиш - чиндан
Тўғилишдир - ЧИНдан ЧИНим!!!

Менинг сўзимни ҳам Тангри -
Мусога сўз берган берди!
Менинг сўзимни ҳам Тангри -
Исога сўз берган берди!
Кўнглимга дўст бўлиб кирди,
Тилимга сўз бўлиб кирди.

Берди Муҳаммадга Буроқ,
Мусогачи сирли таёқ.
Менга қалам берди - БИРИМ,
Сирли таёқдан соз учоқ.
Ўзимдан Ўзига кўчдим -
ЎЧ - Орга кўчганга иноқ!

Менга берса - Ўзи берди,
Очунда йўғини берди,
Инсонда йўғини берди.
Тавротда йўғини берди,
Инжилда йўғини берди,
Қуръонда йўғини берди.

2021 йил,21 июль.

ҚУРБОНЛИК!

Ер юзида ҳақ бўлсин деб,
Мен ўзимни қурбон этдим.
Қора юзим оқ бўлсин деб,
Мен ўзимни қурбон этдим.

Молни қурбон этиш наҳот
Қурбонликдир, инсон - жаллод,
Ўзим энг муносиб жонзот -
Мен ўзимни қурбон этдим.

Тангрим, йўлинг йўл бўлсин деб,
Жон сақлашни кўрмадим эп,
Мени қўйди зиндонлар еб,
Мен ўзимни қурбон этдим.

Элу - юрт ғамида куйдим,
Бошимни кундага қўйдим,
Фидолик тиғида сўйдим -
Мен ўзимни қурбон этдим.

Бас, эвазига қўллагин,
Ёғий қонига чўлладим,
Ўч қиличини тиладим,
Мен ўзимни қурбон этдим.

Ҳар ким бўлсин ҳақ деб фидо -
Энг тоза дин - киргин, дунё,
Ўзга қурбонликлар - хато,
Мен ўзимни қурбон этдим.

Тўққиз кўк қонимдан бўкди,
Ҳар бири иккиқат - кўрки -
Қуёш, ой, юлдузлар чиқди,
Мен ўзимни қурбон этдим.

Исо чормих бўлган бир бор,
Хўрлик михларида бисёр -
Чормихдирман такрор - такрор
Мен ўзимни қурбон этдим .

Сен мени ўчга кўтаргин,
Енгилмас кучга кўтаргин,
Топ - тоза ичга кўтаргин,
Мен ўзимни қурбон этдим.

2021 йил, 20 июль.