22 July 2021
12:36 - Вазирлар Маҳкамаси қошида янги котибият ташкил этилгани ҳақида янги хабар
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Бош Вазири биринчи ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги ҳамда Ҳудудларни Комплекс Ривожлантириш, Коммуникациялар, Қурилиш ва Уй-жой, Коммунал Хўжалиги Масалалари Котибияти тўғрисидаги низомлар тасдиқлангани хабар қилинди.

Бош Вазирнинг биринчи ўринбосари Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тасдиқномасига биноан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош Вазирнинг биринчи ўринбосари Президентга, Олий Мажлис Палаталарига ва Бош вазирга ҳисобот беради.

Бош Вазир биринчи ўринбосарининг фаолияти қуйидаги масалаларни ҳал этишга йўналтирилар эмиш:
- ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этиш;
- уй-жой, коммунал хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш;
- муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини, шунингдек транспорт коммуникацияларини модернизациялаш;
- капитал қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар ва пудрат ишлари дастурларининг изчил амалга оширилишини таъминлаш;
- қурилиш ва архитектура соҳасидаги ишлар сифатини назорат қилиш.

Бош Вазирнинг биринчи ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради. У Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок экан.
Бош Вазирнинг биринчи ўринбосари Ҳудудларни Комплекс Ривожлантириш, Коммуникациялар, Қурилиш ва Уй-жой, Коммунал Хўжалиги Масалалари Котибиятига раҳбарлик қилади ҳамда Котибият раҳбарлари ва мутахассислари ишларини ташкил этади.

Котибият Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланармиш.

Котибият фаолияти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек Вазирлар Маҳкамасини ахборот-таҳлилий таъминлашга йўналтирар экан.

Котибият ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Бош Вазирнинг биринчи ўринбосарига бўйсунармиш, унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилармиш.

Хуллас, шунақа янгликлар, шунақа хабарлар, дейди “Ҳаракат” мухбирлари. Кўрамиз, амалда бундай ишлардан нима фойда бўлади?