17 March 2021
22:11 - Сенсация: Ўзбекистонда бюджет даромадларининг солиқ ва божхона тушумларидан шаклланган қисми эълон қилинди! “Ҳаракат” нима дейди?
Молия Вазирлиги Ўзбекистон Бюджети Даромадлар қисмининг 2020 йил ижроси бўйича дастлабки натижаларини эълон қилиб, яна масхарабозликка учради.

Нимамиш, 2018 йилда бюджет даромадлари 79,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 19,4 фоиз), 2019 йилда 112,2 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 21,9 фоиз), 2020 йилда 132,9 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 22,5 фоиз) ташкил этганмиш.

Бюджетдан ташқари жамғармалар билан биргаликда консолидациялашган бюджет даромадлари 2020 йилда 154 триллион сўм бўлиб (ЯИМга нисбатан 26 фоиз), 2018 йилга нисбатан 1,4 баробардан, 2019 йилга нисбатан 1,1 баробардан кўпроққа ошганмиш.

Консолидациялашган бюджет даромадлари 2018 йилда 107 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,3 фоиз), 2019 йилда эса 137,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,7 фоиз) ташкил этганига ишониш мумкин ҳам эмас.

Солиқ ва Божхона Қўмиталари таъминлайдиган даромадларнинг 2018-2020 йиллардаги динамикасига қаранг

Давлат Солиқ Қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 2018 йилга нисбатан деярли 2 баробарга ошиб, 103,6 триллион сўмни ташкил этганмиш (2018 йилда 54,2 триллион сўм, 2019 йилда 83,4 триллион сўм).

Давлат Божхона Қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2018 йилга нисбатан 2 баробарга ошгани ва 2020 йилда 24,7 триллион сўмни ташкил этгани иддао этилмоқда. (2018 йилда 11,5 триллион сўм, 2019 йилда 17,1 триллион сўм).

Давлат Бюджети Даромадлари таркибидаги ўзгаришлар

2018 йилда бюджет даромадлари асосан билвосита солиқлар ҳисобига шаклланган ва уларнинг улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилган. Уч йиллик натижаларга кўра, бевосита ва билвосита солиқларнинг нисбати ўзгарганмиш.

Ўзбекистон Бюджетида 2020 йил якуни билан бевосита ва билвосита солиқлар улуши деярли тенг бўлибди: 34 фоиз бевосита солиқлар ва 34,9 фоиз билвосита солиқлар эмиш.

Тўғри солиқ даромадларининг ўзгариши

Фойда солиғи тушумлари ҳисобот даврида 8,7 баробарга ошган ва 2020 йилда қарийб 28,7 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 4,9 фоизини ташкил этганмиш.
2019 йилда солиқ ставкаси 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди. Шу билан бирга, банклар тушумлари 2018 йилга нисбатан 2019 йилда деярли 2 баробарга, 2020 йилда эса 3 баробарга ошганмиш.
2020 йилда 52,5 фоиз солиқ тўловчиларнинг фойда солиғи бўйича тушумлари 25 фоиздан (асосий ўсиш ставкасининг 12 фоиздан 15 фоизга ошиши) кўпроққа ошибди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 2020 йилда 15,1 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 2,6 фоизини ташкил этганмиш. Солиқ тўловчилар сони 2020 йил ноябрь ойида 2018 йил ноябрга нисбатан 12,2 фоизга ўсибди. Бу кўрсатгич 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 6,9 триллион сўмга ошиб, 13,3 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 2,6 фоизини ташкил этганмиш.

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича тушумлар 2020 йилда 2018 йилга нисбатан 3,5 баробарга камайиб, 1,4 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 0,2 фоизини ташкил этганмиш.

Билвосита солиқлар бўйича даромадларининг ўзгариши

Қўшилган Қиймат Солиғи бюджет даромадларининг асосий манбаларидан биридир. Мазкур солиқнинг 2020 йилда давлат бюджети даромадларининг жамидаги улуши 30,3 фоизни ташкил этганмиш (2019 йилда 33 фоиз).

ҚҚС бўйича тушумлар 2018-2019 йилларда 64,9 фоизга ошиб (22,5 дан 37,1 триллион сўмгача), айни замонда ЯИМдаги улуши 5,5 фоиздан 6,9 фоизга ошганмиш.

2020 йилда ҚҚС тушумлари миқдори 40,2 триллион сўмни ташкил этиб, бу 2019 йилга нисбатан 3,2 триллион сўмга ёки 8,6 фоизга кўп эмиш (ҚҚС ставкаси 2019 йил 1 октябрдан 20 фоиздан 15 фоизга туширилганмиш).

Хусусан, солиқ идоралари томонидан маъмурийлаштириладиган ҚҚС тушумлари 2020 йилда 20,5 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 13 фоизга камайганмиш.

Божхона идоралари томонидан импорт товарларга ундириладиган ҚҚС 2020 йилда 19,7 триллион сўмни ёки 2019 йилга нисбатан 47 фоизга кўпни ташкил этганмиш.

2020 йилда акциз солиғи тушумлари 11,7 триллион сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,4 триллион сўмга (13,5 фоиз) ошганмиш. 2020 йилда жами бюджет даромадларидаги ушбу солиқнинг улуши 8,8 фоиз (2019 йилда 9,2 фоиз, 2018 йилда 6,3 фоиз)ни ташкил этганмиш.

Божхона божларидан 2020 йилда 3,6 триллион сўм маблағ ундирилиб, 2018 йилда бу кўрсатгич 1,8 триллион сўмни ташкил этганмиш ва 2 баробарга кўпайганмиш.

Ресурс Солиқлари ва Мол-мулк Солиғи бўйича даромадларнинг ўзгариши

2020 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 21,3 триллион сўмни (ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоиз), 2019 йил тушумлари билан солиштирганда 1,6 триллион сўмга ва 2018 йил билан солиштирганда 8,6 триллион сўмга кўпроқни ташкил этибди. Ресурс солиқларидан тушумларнинг асосий қисми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа (77,2 фоиз) тўғри келармиш.

2020 йилда мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар деярли 2019 йил даражасида сақлаб қолинибди ва 4,8 триллион сўмни ташкил этибди, 2018 йил билан солиштирганда эса бу кўрсатги 0,6 триллион сўмга кўпайганмиш.

Эслатиш керакки, 2020 йил 1 январгача қишлоқ хўжалиги корхоналари барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўрнига ягона ер солиғи тўлаганмишлар.

Бунда 2020 йилда юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи 2019 йилга нисбатан 312,9 миллиард сўмга, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича 103 миллирад сўмга қисқарганмиш.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушум 2020 йилда 73,1 миллиард сўмга қисқариб, 733,4 миллиард сўмни ташкил қилиб, 2018 йил билан солиштирганда 25,1 миллиард сўмга кўпайганмиш.

Ҳисоботнинг бошқа тушумлар ва солиққа оид бўлмаган тўловлардаги ўзгаришлар қисмида Давлат Солиқ Қўмитаси бўйича солиқсиз тушумлар 2020 йил давомида 5,8 триллион сўмни ташкил этгани ҳам эслатилган.
Шунингдек, Молия Вазирлиги 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида давлат бюджети даромадлари 58,2 триллион сўмни ташкил этганини очиқлаган эмиш.

* * * * *

“Ҳаракат” Агентлиги: Бу ҳисоботда келтирилган рақамлар тамомийла уйдирмадир. Чунки, уларни умуман исботлаб бўлмайди. Шундай экан, бу рақамларни бугунги бюджет ҳисоботи деб қабул қилавериш керак бўлади. Аслида, ҳақиқий хабарлар мутлақо бошқачадир.