17 March 2021
19:25 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Қашқадарё вилоятида жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқланди
Авваллари ҳам бу мавзуни кўп марта тилга олганмиз. Мана яна бир мисол ўртага чиқди.

Қашқадарёда 17 мартдан бошлаб жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқланди. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Автобус, микроавтобус, йўналишсиз такси хизматидан фойдаланганда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқобда бўлиши керак. Йўловчиларнинг жамоат транспортига ниқобсиз чиқиши қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, тартибга кўра йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳар 4 соатда дезинфекция қилиниши назоратга олинади.

Хабарда таъкидланишича, ушбу тартиб вилоят бўйича амал қилади.

ССВ статистикасига кўра, Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалиниш ҳолати сўнгги марта 13 феврал куни қайд этилган. Сўнгги маълумотларга кўра, вилоятда 17 бемор ушбу касалликдан даволанмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда эпидемиологик вазият мураккаблаша бошлади. Январ-феврал ойларидаги пасайишдан сўнг март ойининг иккинчи ўн кунлигида коронавирусдан касалланиш ҳолатлари ўса бошлади. ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, 16 март куни Ўзбекистон бўйлаб 115та янги ҳолат қайд этилган. Шундан 92 ҳолат Тошкент шаҳрида, 18 ҳолат Тошкент вилоятида аниқланган.

Шунингдек, 16 март кунидан бутун республика бўйлаб карантин қоидаларини бузаётганларга жарималар ёзиш бошланган.