05 March 2021
22:20 - Freedom House Ўзбекистонни “эркин бўлмаган” давлатлар қаторида қолдирди. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари нима дейдилар?
Инсон Ҳуқуқлари бўйича Халқаро Ташкилот Freedom House 2020 йил якунлари бўйича жаҳон мамлакатларининг эркинлик даражасига оид анъанавий йиллик ҳисоботини ҳаммага билдирди. Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 11 баллга баҳоланган ва Ўзбекистон “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолдирилибди.

Ўзбекистондаги сиёсий ҳуқуқлар энг юқори 40 баллдан 2 баллга, фуқаролик эркинликлари эса энг юқори 60 баллдан 9 баллга, жами 11 баллга баҳоланган. Шунингдек, интернет эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл тўплаб интернети эркин бўлмаган мамлакатлар қаторида қолибди.

2019 йил якунлари бўйича ҳам Ўзбекистон 100 баллик шкалада 10 балл тўплаб, “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан жой олгани ҳам ҳаммага маълумдир.

Эслатиш керакки, Ўзбекистон охирги йилларда айнан охирги ўринлардан жой олмоқда. Қилинаётган косметик ўзгаришлар ҳеч нарсани ўзгартирмаяпти.

Айни замонда, қайтариш керакки, 2020 йил якунлари бўйича рейтингда энг юқори ўринларни максимал 100 балл билан Европа давлатлари Финляндия, Норвегия ва Швеция эгаллаган.

Энг паст натижалар бўйича Тибет ва Сурия 1 балл билан, Туркманистон, Эритрея, Жанубий Судан (2 баллдан) ва Шимолий Корея (3 балл) билан энг охирги ўринларни эгаллашибди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари - Тожикистон (8 балл), Қозоғистон (23 балл) ва Қирғизистон (28 балл) ҳам “эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киритилган. Қирғизистон ўтган йили қисман эркин бўлган давлатлар қаторида эди. Лекин Freedom House ўтган йилги парламент сайловларида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари бузилиши ортидан мамлакат рейтингини тушириб юборди.

Осиё қитъасида Жанубий Корея, Япония ва Мўғулистон эркин мамлакатлар сифатида қайд этилган.

Freedom House яратган анъанавий тадқиқот бу йил 195та мамлакат ва 15та ҳудудни қамраб олган. 82та давлат ва 1та ҳудуд (картада яшил) тўлиқ эркин, 59та давлат ва 4та ҳудудда (сариқ) қисман эркинлик бор. 54та давлат ва 10та ҳудуд (бинафшаранг) эса эркин бўлмаганлар қаторига киритилибди.

Хуллас, дейди “Ҳаракат” мухбири, Ўзбекистон ўша-ўша умумий рўйхатнинг энг ёмон қисмида. Буни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари жуда яхши билишади. Демак, бир нарсалар қилиш ЗАРУР! Буни ҳамма маслаҳатлашиб қилиши кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум.