17 February 2021
21:20 - Kun.uz: «Оилада ёлғиз ўғил фарзанд бўлганларга туғилиб ўсган ҳудудида хизмат қилиш ҳуқуқи берилди» – Мудофаа вазирлиги. "Ҳаракат": Бошқа фактларга ҳам эътибор лозим!
Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Шермуҳаммад Саидаҳмадовнинг айтишича, илгари оиласида ёлғиз фарзанд бўлганларгина туғилиб ўсган жойида хизмат қилолган бўлса, бугунги кунда оиласида ягона ўғил фарзанд бўлганларга ҳам ана шундай ҳуқуқ берилмоқда.

«Экстерриториал тамойил бўйича олдинлари Қуролли кучлар сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ўзи туғилиб ўсган ҳудудда, дейлик, Тошкент шаҳрида туғилган шахс шу ердаги ҳарбий муассасаларда хизмат қилиши мумкин эмас эди. Бугунги кунда бу тартиб ўзгарган.

2019 йил 12 сентябрдаги 4447-сонли президент қарори билан билан янги таҳрирда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ, территориал тамойил деган тушунча киритилди. Унга кўра, баъзи бир лавозим ва мутахассисликлар бўйича, масалан, тиббиёт ходими, ҳайдовчи, ошпаз ва бошқа тор мутахассисликлар эгаларига ўз ҳудудида хизмат қилиш имкони яратилди. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг марказий аппарати ва бошқарув аппаратига ҳам бугунги кунда ҳудудий тамойил асосида хизматга қабул қилиш йўлга қўйилган.

Тизимдаги янгиликлардан яна бири шуки, илгари ҳарбий хизматчи оиласида ёлғиз фарзанд бўлсагина туғилиб ўсган жойида хизмат қилиши мумкин эди. Ҳозир эса нафақат ёлғиз фарзанд балки, миллий менталитетимиздан келиб чиқиб, оилада ягона ўғил фарзанд бўлса, оиланинг бошқа фарзандлари қизлардан иборат бўлса ҳам уларга ота-онаси яшайдиган худудда хизмат қилиш ҳуқуқи берилди», дейди Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Шермуҳаммад Саидаҳмадов.

Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, илгари суд қарори билан офицерлик рутбасидан маҳрум бўлган ҳарбий хизматчилар умуман пенсиясиз қолган бўлса, бугунги кунда уларга оддий аскар унвонида пенсия тайинланмоқда.

«Илгари 4 йиллик олий таълим олганларга ҳам, шунингдек, 5 йил олий таълим олганларга ҳам катта лейтенант унвони икки йилдан сўнг бериларди. Ҳозир беш йил ўқиганлар навбатдаги ҳарбий унвонни бир йилда оладиган бўлди. Шу билан бирга, 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ, ижобий тавсияга эга, вакант лавозимлари йўқлиги сабабли берилган ҳарбий унвонида хизмат муддатини камида иккитасини ўтаган офицерларга лавозим бўйича бир поғона юқори турувчи ҳарбий унвон берилиши жорий этилди.

Тизимда йўлга қўйилган янгиликлардан яна бири – ҳар йили ҳарбий хизматчиларнинг навбатдаги таътилига, хизмат йилларининг календар ҳисобига кўра қўшимча тарзда 5, 10, 15 сутка таътиллар бериладиган бўлди. Бунда қўшимча таътил муддати ҳарбий хизматчининг иш стажига қараб белгиланади.

Олдин ҳарбий хизматчилар, асосан, офицерларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган тақдирда ва суд қарори билан офицерлик унвони бекор қилинса, улар ҳарбий пенсиядан маҳрум бўлишарди, яъни нафақа олишмасди. Ҳозир эса уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида суд қарори билан ҳарбий унвонидан маҳрум қилинган офицерларга оддий аскар унвонида пенсия тайинланадиган бўлди», дея Шермуҳаммад Саидаҳмадовнинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

* * * * *

“Ҳаракат”: Бундай мақолалар албатта керак, чунки, яхшиликларни мақташ – бу ҳам эътибор маркази! Аммо уларнинг тескарисини ҳам кўрсатадиган фактлар кўп-ку! Нега, машҳур оммавий ахборот воситалари уларга кам эътибор бераяптилар? Аслида, ҳаммасига эътибор бериш лозим!