15 January 2021
04:08 - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия тузилди: Унга илк марта “Эзгулик” фаоли, яъни унинг раиси Абдураҳмон Ташанов киритилди
Ўзбекистонда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликга риоя этилиши бўйича комиссиянинг янги таркиби эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича мазкур комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан тасдиқланган.

27 кишидан иборат инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия таркибида нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари бор. Комиссияга Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили Улуғбек Муҳаммадиев раислик қилади.

Маҳаллий матбуотнинг, жумладан, Gazeta.uz нашрининг ёзишича, бундай комиссияга илк марта мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов (расмда) ва Бухородаги “Гуманитар Ҳуқуқий Марказ” директори Шуҳрат Ғаниев киритилган.

Маълумотларга кўра, мазкур комиссия 2011 йилда ташкил қилинган, аммо биров унинг ҳатто номини ҳам эшитмаганди. Комиссияга мустақил инсон ҳуқуқи фаолларининг киритилиши унинг номини чиқариб, жонлантирдими, ёки аксинча, мустақил фаолларимиз ҳам ана шу саробнинг ичига сингиб кетадими?

Бу саволларга жавобни вақт кўрсатади, дейди мухбиримиз, аммо биз ҳам бекорга қараб ўтирмаймиз!