25 September 2020
19:43 - Сариоғочда Шавкат Мирзиё ва Қозоғистоннинг биринчи Президенти, ҳозир Элбоши ҳисобланадиган Нурсултон Назарбой учрашгани ҳақида

Ўзбекистоннинг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишларича, Шавкат Мирзиё ва Нурсултон Назарбой Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасига яқин жойдаги Сариоғоч шаҳарчасида бугун учрашибдилар.

Бу ҳақда тарқатилган хабарлар қуруқ гаплардан иборат бўлиб, икки президент Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашибдилар.

ЎзАнинг хабарида айтилишича, икки президент суҳбат чоғида қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасида яхши қўшничилик ришталари ва ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда доимо қатъий эканликларини яна бир бор таъкидлабдилар, учрашув ҳар доимгидек очиқ ва дўстона руҳда ўтказибдилар. Бошқа гапларнинг ҳеч қандай амалий аҳамияти йўқ, аммо ёши 90 бўлган Нурсултон абининг кўриниши янада яхшилашиб қолибди.