15 September 2020
21:45 - “Кеча кун бўйи ўзим нафас олдим”. Навальний заҳарланишидан кейин илк марта пост қолдирди
Алексей Навальний инстаграмдаги саҳифасида асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига мансуб модда билан заҳарланишидан кейин илк марта пост қолдирди.

“Салом, бу Навальний. Сизларни соғиндим. Ҳали ҳам деярли ҳеч нарса қилолмаяпман, лекин кеча кун давомида ўзим нафас олдим. Фақат ўзим. Ҳеч қандай қўшимча ёрдамсиз, ҳатто томоғимга ўрнатилган мосламадан фойдаланмасдан. Жуда ёқди”, деган сиёсатчи.

У рафиқаси Юлия, ўғли Захар ва қизи Дарья билан бирга тушган суратини илова қилган.

14 сентябрь куни Навальний даволанаётган Берлиндаги “Шарите” клиникаси россиялик сиёсатчи сунъий нафас олдириш аппаратидан узилгани ҳақида маълум қилганди. Шифокорлар у қисқа муддатга ўрнидан тура олаётганини хабар қилишган. Бундан ташқари, бу Навальний ўзининг ҳолати ҳақидаги маълумотларни оммага етказишга шахсан ўзи рухсат берган илк ҳолат бўлди (бунга қадар бундай маълумотлар рафиқаси Юлия рухсати билан эълон қилиб борилаётганди).

The New York Times нашри маълумотига кўра, Навальний Германия прокуратураси вакиллари билан мулоқот қилган. Нашр ГФР хавфсизлик хизматларидаги манбасига асосланиб ушбу суҳбат мазмунини келтирган. “У ўз ҳолатини, у билан нима рўй бергани ва ҳозир қаердалигини тўлиқ англамоқда. У Германияда қолмоқчи эмас. У ўз миссиясини давом эттириш учун Россияга қайтмоқчи”, - деган NYT суҳбатдоши.

Эслатиш керакки, Германиядаги Der Spiegel нашри ўз манбаларига асосланиб, Германия хавфсизлик хизмати ходимлари фикрича, Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатганди. Кремлдагилар буни Россияга қарши асоссиз айблов деб аташган.

Манба - Kun.uz