14 August 2020
08:31 - Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаевнинг Қирғизистонда ҳибсга олингани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Қирғизистон ҳудудида журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 1993 йил 22 январдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган.

«Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда», - дейилади маҳкама изоҳида.

Бобомурод Абдуллаев 9 август куни Бишкекдаги қаҳвахоналарнинг бирида Қирғизистон МХҚ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

10 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Абдуллаевни 8 сентябрга қадар ҳибсда сақлаш бўйича қарор олган эди.

Ўз навбатида, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ҳам вазият юзасидан ўз фикрини билдирди.

Унинг айтишича, Қирғизистонда журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан қаттиқ ташвишда. АҚШ элчихонаси унинг ишини диққат билан кузатмоқда.

Билдирилишича, Абдуллаевнинг эркин ҳаракатланиши ва унга Қирғизистон Республикасидан ўз манзилига чиқиб кетишига имкон бериш лозим.

«Америка Қўшма Штатлари эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари амалдаги демократия учун зарурий эканлигини билдиради», - деди элчи.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг май ойи бошида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Бобомурод Абдуллаев юқорида кўрсатилган модда бўйича айбдор деб топилди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда уч йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. // Kun.uz