06 August 2020
11:42 - Kun.uz: Хиросимада атом бомбардимони қурбонлари хотирасига маросим бўлиб ўтмоқда

6 августда Япониянинг Хиросима шаҳрида 75 йил аввал содир этилган атом бомбардимони қурбонлари хотирасига маросим бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилда коронавирус пандемияси сабабли хотира маросимини чекланган сондаги иштирокчилар билан ўтказишга қарор қилинган. Унда 800 кишига иштирок этишга рухсат берилган. Одатда ушбу хотира маросимларида 10 марта кўпроқ одам иштирок этиб келган.

Маҳаллий вақт билан соат 8:15да бутун мамлакат бўйлаб бомбардимон қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш эълон қилинган. Айнан шу соатда 75 йил аввал шаҳарга АҚШ ҳарбийлари томонидан атом бомба ташланган. Сўнгра Хиросимадаги Тинчлик боғида шаҳар мэри Кадзуми Мацуи ва мамлакат бош вазири Синдзо Абэ нутқ сўзлаган.

Абэ ўз нутқида дунёни ядро қуролидан воз кечишга чақирган.

Фожиали сана муносабати билан Хиросима маъмуриятига Рим папаси Франциск ва АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ўз номаларини йўллаган. Айнан Обама 2016 йилда Хиросимага ташриф буюрган биринчи амалдаги АҚШ президенти бўлган.

1945 йил августида АҚШ ҳарбий учувчилари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташлаган. Дастлаб, 6 августда Хиросимага B-29 бомбардимончи самолётидан 4 тонналик уран бомбаси ташланган. Бомбанинг портлаш кучи 18 килотонна тротилни ташкил қилган. 3 кун ўтгач, 9 августда Нагасакига яна бир бомба ташланган. Шундан кейин бундай ҳужумлардан карахт ҳолга тушган Япония ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидаги иштирокини тўхтатиб, 1945 йил 15 августда капитуляция эълон қилган.

Атом бомбалари портлаши ва унинг оқибатларидан 350 минг кишилик Хиросимада 140 минг киши, Нагасакида эса 74 минг киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти оддий одамлар бўлган.

Манба - Kun.uz