02 January 2020
15:38 - 2019 йилда истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи 15,2 фоизга қимматлашгани эълон қилинди. “Бирлик” ва “Ҳаракат” нима дейди? Нима қилиш керак?
Бугун Ўзбекистон Давлат Cтатистика Қўмитаси 2019 йилдаги инфляция даражасини, яъни истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи 15,2 фоизга қимматлашганини эълон қилди. Ўзбекистондек зиндонхонада Президент Шавкат Мирзиё ва маҳаллий ҳокимларни қўйиб туринг, Давлат Cтатистика Қўмитаси каби идораларга ҳам ишонч йўқолиб бормоқда. Чунки, бозорга чиқсангиз, нархларнинг ошиши камида 20-50 фоиз бўлганини кўрасиз.

Бундан ҳам муҳими, Ўзбекистоннинг ЎзА ва Kun.uz каби асосий қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари 5 январда 25 округда бўладиган 2-чи тур парламент сайловларига мутлақо эътибор бермаяптилар. Гўёки, 5 январда ҳеч нарса бўлмайдигандек кўринмоқда.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги ҳамма нарсани назорат қилиш ва ҳамма мавзулар бўйича хабарлар тарқатиш кучига эга эмаслар. Қолаверса, Ўзбекистоннинг энди ДХХ деб аталадиган КГБси ҳам бекор ўтиргани йўқ. ДХХ шу кунларда асосан “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг овозини ўчириш билан машғул.

Масалан, ҳозир “Ҳаракат” Агентлигининг Harakat.net ва Фейсбукдаги Facebook.com/harakat.net сайтларига кирувчиларнинг сони жиддий шаклда чегаралаб қўйилди. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг янги 2020 йил табриги ва бу табрик доирасида 2020 йилга мўлжалланган режаларини ўқиётганлар сони 2 мингдан ҳам камайиб кетди.

Шу сабабли, ҳамма ўқувчиларимизга мурожаат қиламиз, қўлингиздан келгунча бизнинг сайтларга бўлган эътиборни кучайтиришга ҳаракат қилинг, керак бўлса, “Бирлик” ва “Ҳаракат”ни реклама қилишга ҳам эътибор беринг. Бу сайтлардаги хабарлар Ўзбекистондаги ғариб ҳақиқий аҳвол ва бу аҳволдан чиқиш йўлларини кўрсатаётган ягона ахборот воситасдир. Бундай сайтларсиз Ўзбекистон давлати ва халқининг келажаги йўқ.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача ойлиги ривожланган давлатлардан 30-50 баравар камлигини қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қозоғистондан ҳам тахминан 10 бараварча камдир, яъни тахминан 100 доллар атрофидадир. Айнан шу сабабдан ҳозир аҳолимизнинг 3-4 миллиони чет элларда қуллардек ишлаш билан машғул. Айнан уларнинг юбораётган пуллари билан Ўзбекистоннинг Давлат Бюджети оёқда турибди.

Ўзбекистон халқи бу рақамларни ўрганса, мавжуд режимга бўлган ишонч янада ҳам тезроқ тушишга ва Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ ўзгаришлар қилишга эътибор кучайишга бошлайди.