12 December 2019
16:50 - Ўзбекнинг машҳур ёзувчиси, ҳаётининг катта қисмини Ислом Каримнинг қамоқхоналарида ўтказган Эврил Турон (Мамадали Маҳмуд) 79 ёшга тўлди

Мамадали Маҳмуд 1940 йил 12 декабрда Жиззах вилояти Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилиб, кейинчалик Тошкент Давлат Университети Журналистика бўлимини битирган. Аммо, муҳим бўлгани, 1981 йилда “Шарқ Юлдузи” журналида чоп этилган “Ўлмас қоялар” романида 100 йил аввалги миллий озодлик курашини мадҳ этган.

Ўшандан бери Эврил Турон ўзбек миллатининг фундаментал муаммолари билан шуғулланиб келмоқда. 1988 йилнинг охирида “Бирлик” Халқ Ҳаракати тузилгандан бери феълан унинг фаоли бўлди, “Бирлик”нинг “Ўзбек тили –давлат тили”, “Ўзбекистонга мустақиллик” шиорлари остида ўтказилган митингларида фаол қатнашди. Мустақилликдан кейин ҳам ўша ғояларига содиқ қолди ва ўшанда қамоққа ташланди.

Ўша пайтда Туркияда мажбуран яшаётган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Мамадали Маҳмудни 1997 йили Туркиядаўтказилган бир йиғилишга таклиф қилди, Мамадали Маҳмуд “Туркияга борсам, Муҳаммад Солиҳнинг хоинлигини ҳаммага кўрсатиб бераман” дейишгача борди. Аммо, у шартли қамоқда бўлгани сабабли, Туркияга боришига йўл бермадилар.

Кейин у тўсатдан Киевга бориб, адабий таҳаллуси Муҳаммад Солиҳ бўлган Салой Мадамин билан учрашди ва ўша пайтдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари Тоҳир Йўлдош билан ҳамкорлик йўлига ўтди. Шу сабабли, Тоҳир Йўлдош тарафдорларининг 1999 йил февраль ойида Тошкентда ўтказган террористик актларидан кейин, Эврил Турон қамоққа ташланди ва 14 йилдан кейин, тўғрироғи, 2013 йил 19 апрелда озодликка чиқарилди.

Ислом Карим ўлгандан кейин Эврил Туроннинг Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига аъзолиги тикланди, у янги президент Шавкат Мирзиёнинг мухлисига айланди. Охирги пайтда расмий оммавий ахборот воситаларида у айнан янги президентини мадҳ этиш билан шуғулланмоқда.

Нима бўлганда ҳам, сафдошимиз Эврил Туронни туғилган кунининг 79 йиллиги билан чин кўнгилдан табриклаймиз, ватан ва миллат келажаги учун курашни давом эттираверишга чақирамиз. Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё кабилар келиб кетаверади, аммо ватан ва миллат абадийдир.