11 December 2019
21:38 - Шавкат Мирзиё масхарабозлик қилиб, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг гапларини такрорлади, давлат иштирокидаги корхоналар самарасиз ишлаётганини тан олди. Нима қилиш керак?

Ўзбекистондаги қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Президент Шавкат Мирзиё бугун 11 декабрда давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижадорлиги ва бу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказлганини хабар қилдилар. Муҳим бўлгани, Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда 2819 та давлат иштирокидаги корхоналар борлигини айтиб, улар самарасиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд ҳам тўлай олмаётганларини таъкидлабди.

Аммо, бундан ҳам қизиғи, айнан шу фикрларни “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтовсиз айтиб келмоқда. Ҳамма катта корхоналар давлат қўлида бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон ўлим йўлидан кетаётгани, аслида, ўлиб бўлганини такрорламоқда. Шу сабабли, мамлакатимизда биронта ҳам расмий доллар миллиардери, яъни жиддий инвестор йўқ.

Айнан шу фактларга асосланган “Бирлик” ҳар ерда Ўзбекистон ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларга муҳтожлиги, Шавкат Мирзиё косметик ислоҳотлардан бошқа нарсани тушунмаслигини айтиб, халқ мавжуд режимни йирик ислоҳотлар ўтказишга мажбурлаши кераклигини такрорламоқда.

Яна қайтарамиз, дейди мухбиримиз, ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни, ҳукуматни, оммавий ахборот воситаларини янгилаш, ҳақиқий ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

ФУНДАМЕНТАЛ молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Минг афсуски, шу йил 22 декабрда ўтказилаган сайловларнинг аввалдан маълум бўлган натижалари бундай ислоҳoтларга йўл очолмайди. Демак, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг лидери Абдураҳим Пўлат билан музокаралар олиб бориш ҳамда бирга ишлашни ўйлаши ШАРТ.