10 December 2019
17:34 - Яна сайловолди масхарабозлиги: Шавкат Мирзиё 2020 йил учун Давлат Бюджетини тасдиқлабди, аммо хабарларда унинг даромад ва ҳаражат қисмлари тилга ҳам олинмаган. Буёғи нима бўлади?

Бир қатор ахборот воситалари, жумладан Kun.uz Интернет нашри, Президент Шавкат Мирзиё 2020 йил учун Давлат Бюджети тўғрисидаги қонунни имзолаганини хабар қилдилар. Адлия Вазирлигига асосланиб тарқатилган қисқа хабарда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммалари айтиб ўтилган. Аммо, Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари умуман тилга олинмаган. Ваҳолангки, халқни биринчи навбатда шулар қизиқтиради.

Шу сабабли эслатиш керакки, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенатида бор-йўғи 10 кун аввал 2020 йил учун Давлат Бюджетининг даромадлари 128 трлн. 460 млрд. сўм, харажатлари эса 131 трлн 104 млрд сўм деб тасдиқланган эди. Яъни, даромад – 13,5 миллиард доллар, ҳаражат – 13,7 миллиард доллар.

Яна эслатиш керакки, 2018 йил учун Давлат Бюджетининг ДАРОМАД ва ҲАРАЖАТ қисмлари 62,229 трлн сўм, яъни 7,69 млрд доллар ва 62,17 трлн сўм, яъни 7 млрд 677 млн доллар деб эълон қилинган, аммо 2019 йил учун бундай рақамлар эълон қилинмаган эди. Демак, 2018 йилга нисбатан 2020 йилнинг Давлат Бюджети сал кам 2 баравар ошибди.

Ҳурматли ўқувчилар, билиб қўйинг, ҳеч қандай жиддий ислоҳотлар ўтказилмаётган мамлакатимизда бундай бўлиши мумкин эмас, бўлолмайди. Ўзбекистондаги режим халқни лақиллатиш мақсадида ёлғондакам рақамлар эълон қилишдан ҳам чекинмаяпти.

Аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонда Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари 30 миллиард доллар атрофида эканлигини, яъни биздан сал кам 2,5 БАРАВАР КЎПЛИГИНИ ҳам ҳисобга олсак, аҳволимиз қандай ҒАРИБЛИГИНИ кўрамиз.

Хуллас, аҳволимиз ДАБДАЛА! Ўзбекистонимиз ҳозир ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий-молиявий ислоҳотларга муҳтож.

Унутмайликки, ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни, ҳукуматни, оммавий ахборот воситаларини янгилаш, ҳақиқий ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

ФУНДАМЕНТАЛ молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Мамлакатимизни ўлимдан қутқариб қолиш ва ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз МАВЖУД РЕЖИМНИНГ ЎЗИ ҚИЛОЛМАГАН ва ҚИЛОЛМАЙДИ. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши ШАРТ.

Расмда Сенатнинг 10 кун аввалги мажлисида биринчи қаторда энг чапда ўтирган одам – 2017 йил 23 декабрда Олий Мажлисда Шавкат Мирзиё “каламиш” деб ҳақорат қилган Молия Вазири Жамшид Қўчқоровдир. У ҳалигача каламишлигини давом эттирмоқда. Каламишбоши эса, Шавкат Мирзиёнинг ўзидир.