05 December 2019
13:30 - Сайловлар арафасида ҳаммаёқ масхарабозлик: Бузилган газ қувури тафайли совуқ кунларда Тошкентнинг айрим ҳудудларида табиий газ тақчиллиги кузатилаётган эмиш

“Ўзтрансгаз” AЖ Матбуот Хизмати кеча билдиришича, Роҳат мавзеси томондан Қўйлиқ бозоригача бўлган Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб ер усти метро қурилиши вақтида, зарурат туфайли, 1,5 км узунликдаги газ қувури демонтаж қилинганмиш ва шу сабабли совуқ кунларда шаҳарнинг айрим ҳудудларида табиий газ тақчиллиги кузатилганмиш.

“Ўзтрансгаз” AЖ Матбуот Хизматининг хабарига кўра, бугунги кунда, газ қувурини тиклаш бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда эмиш, Қўйлик дехқон бозори яқинидаги ҳалқа йўли ёқалаб 800 метр газ қувурлари ётқизилармиш. Қурилиш ишлари туну-кун ташкил этилганмиш. Вақтинчалик ноқулайлик учун “Ўзтрансгаз” AЖ ҳаммадан узр сўраётган эмиш.

Ҳурматли ўқувчиларимиз, бу хабарни ўқиб куласизми, йиғлайсизми? Қаранг, Тошкентдек катта шаҳарда шундай таъмир ишлари олиб борилаётганлиги туфайли шаҳар аҳолисининг бир қисми табиий газсиз қолганмиш. Нима, бу аҳмоқона “Ўзтрансгаз” ходимлари шундай муаммо бўлишини аввалдан билмаганларми? Билмаган бўлсалар, уларни ишдан улоқтириш лозим эди. Билиб туриб, аҳолини аввалдан огоҳлантирмаган бўлсалар ҳам айнан шундай қилиниши ШАРТ.

Аслида, дейди мухбиримиз, бу каби воқеалар ҳаммани ҳақорат қилиш билан машғул бўлган Тошкент шаҳрининг янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжанинг айби билан бўлмоқда. Чўнтагини пул билан тўлатишдан бошқа ғами бўлмаган бу одамни расмда кўрмоқдасиз. Аввалги ҳоким ҳам шундай эди, буниси ҳам шунақа. Демак, авваламбор, бундай ҳокимларни ўз лавозимидан улоқтириш ва сайловларни яҳши муҳитда ўтказиш керак.

Тошкентда ва бутун Ўзбекистонда янги муҳит яратиш учун, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси йиллардлан бери айтиб келаётгандек, мамлакатимизда ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотлар ўтказиш ШАРТ. Акс ҳолда, яқинда халқ майдонларга чиқиб, бундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга бошлайди. Бундай ўзгаришларсиз чет элларда қуллардек ишлаётган ватандошларимиз ҳеч қачон Ўзбекистонга қайтмайдилар.