22 October 2019
15:43 - Ўзбекистон Адлия Вазирлигига Севара Уринбаева Матбуот котиби этиб тайинланди. У сиёсий партиялар қонунига ўзгартиришлар киритиш масаласи бўйича изоҳ берадими?

Мамлакатимизда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА бугун ҳеч қандай таҳлилсиз хабар беришича, шу пайтгача Адлия вазирлигининг Ахборот хизмати бошлиғи авзифасини бажариб келган Севара Уринбаевага Матбуот котиби вазифаси ҳам юклатилибди.

Хабарда айтилишича, бу хонимга янги лавозим Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги хулосасига кўра берилибди. Яъни, тахмин қилиш мумкинки, Севара Уринбаева шу Агентликнинг қўғирчоғи бўлса керак.

Аммо, яхши ният ярим мол эканлиги ҳақидаги ўзбек мақолидан келиб чиқиб, Севара Уринбаева Адлия Вазирлигини тўғри йўлга солиш, ҳозирги масхарабозлик йўлидан ҳақиқий сиёсий йўлга ўтказиш масаласида амалий ишлар қилолади деб умид қиламиз.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, 2019 йил 31 май куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Президент Шавкат Мирзиёга, Олий Мажлис палаталарининг раҳбарларига ва улар қатори Адлия Вазирига ҳам мактуб йўллаб, сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш, яъни Россиядан ўрнак олиб, партияни рўйхатга олиш учун партиянинг 500 аъзоси етарли эканлигини қонунлаштиришни таклиф қилган эди.

Шу йил 15 июлда “Эзгулик” Жамиятига Адлия Вазирлигидан жавоб хати келган. Бу жавоб хатида (унинг нусхасини расмда кўрмоқдасиз) “Эзгулик”нинг таклифлари “қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда фойдаланиш учун қабул қилинди” деб айтилган.

Мана орадан 5 ой ўтмоқда, аммо Адлия Вазирлиги шу йўналишда бирон иш қилгани маълум эмас. Демак, Севара Уринбаева янги Матбуот котиби сифатида бу мавзу бўйича изоҳлар беришини бошлашини кутамиз.