17 October 2019
15:44 - Шавкат Мирзиё Сурхондарёга келди, ўзини ва вилоятни шарманда қилди

Ўтган куни Бокудан чарчаб келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё бугун Сурхондарё вилоятига бориб, ўзи ўтган йили берган маслаҳатлар қандай бажарилаётганини текширибди ва янги оламшумул маслаҳатлар берибди. Аммо, бундан ҳам муҳим бўлгани, ўзини ва вилоятни шарманда қилибди.

Қандай қилиб дейсизми? Бугунги хабарлардан бирида эълон қилинган расмга қаранг. Бу расм Шавкат Мирзиё келиши учун тайёрлаб қўйилган пахта майдонида олинганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қаранг, бу майдонда бу йил пахта терилмагани кўриниб турибди. Авваллари пахта теришга мактаб ўқувчиларини олиб чиқишарди.

Энди бизда болаларни қуллардек ишлатиш тўхтатилганини кўрсатиш учун бўлса керак, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Бобол бу майдонни Шавкат Мирзиё учун асраб қўйибди.

Эътибор беринг, Фарғона ва Андижон вилоятлари пахта планини, ҳозирги тил билан айтсак, шартномавий режани бажариб бўлдилар, янада жануброқда жойлашган Сурхондарёда эса, ҳали пахтасини териш бошланмаган майдонлар бор экан. Шу шармандалик ва масхарабозликка ишонадиган ўзбеклар бормикан?

Тахмин қилиш мумкинки, расм олиниб бўлгандан кейин, Шавкат Мирзиёнинг ўзи вилоят ҳокими билан биргаликда, гўёки пахтакорларга ёрдам бериш мақсадида, шу майдонда текинга пахта терган бўлсалар керак.

Аслида, айнан уларнинг пахта теришини расмга олиш ва бутун Ўзбекистонга кўрсатиш керак эди. Ана ўшанда мамлакатимиз халқи ишлашни ҳам тўхтатиб, Шавкат Мирзиёнинг қаҳрамонлигини олқишлаш билан шуғулланган бўларди.

Хуллас, қаёққа қараманг, Шавкат Мирзиёнинг шармандалик ва масхарабозлик руҳидаги ишларини кўраверасиз.