05 October 2019
18:56 - Муҳаммад Юсуф: Чўчқа босиб кетди асрий боғимни
Чўчқа босиб кетди Файзибоғимни,
Кўланкадай қора, безбет чўчқалар.
Қашқирдай талайди ҳаммаёғимни,
Имон-эътиқоди йўқ гўрсўхталар.

“Додамни қайтиб бер!..” чинқирар хуррам,
Хитойга пуллайди гулзорларимни.
Бузади, тер тўкиб мен неки қурсам,
Топтайди муқаддас мозорларимни.

Қандай олишайин чўчқалар билан,
Уларнинг эшшаклар билан эти бир.
Уларнинг туси бир бочкалар билан,
Уларнинг калласи билан кети бир!..

Чўчқа босиб кетди асрий боғимни,
Вазиру ҳокиму тўра чўчқалар.
Итдай талаб ётар тилла тоғимни,
Ҳўкиздай семириб ҳўра чўчқалар.

Гарчи ўз юртдошим, гарчи диндошим,
Гарчи сўзлар бари она тилимда.
Бошим ёриб тортиб олади ошим,
Ҳақоратлар неки бўлса дилимда!

Имон-эътиқод йўқ, йўқ ҳеч диёнат,
Номардлар мардларни отиб ётибди.
Ўз она юртига қилиб хиёнат,
Бор-будимни текин сотиб ётибди.

Ё Худо, сен ўзинг бергайсан мадад,
Қиличга айлантир қаттиқ қаҳримни.
Барча хоинларга итдай беадад,
Обу ош қилгайсан аччиқ заҳримни.

Токи юртимда ҳеч қолмасин хоин,
Халққа ёв бўлмасин асло тожу тахт.
Дўзах ичра қилгин сотқинлар жойин,
Насиб этсин она халқимга бахт!

Эвоҳ, чўчқалардан безорман бу кун,
Алам гулханида ёнмоқда ичим.
Оллоҳ, Оллоҳ, ўзинг бир чора қилгин,
Менинг чўчқаларга етмайди кучим.

Бу шеър матнини юборган дўстимизнинг айтишича, Муҳаммад Юсуф шеърига шогирди Катта Шоир томонидан бироз ўзгартириш киритилган.