30 August 2019
17:51 - Доналд Трамп 1-2 йил ичида Афғонистондан тахминан 5 минг аскарини олиб кетишини билдирди, аммо 8 минг АҚШ ҳарбийси қолаверади

АҚШ Президенти Доналд Трампнинг кеча, 29 августда Fox News телеканалида айтган гапларига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, АҚШ террористик “Толибон” ташкилоти билан Афғонистондаги ҳарбий қисмларини тахминан 5 мингга камайтириш ҳақида келишган.

Шунча АҚШ ҳарбийси Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан кейин ҳам, бу мамлакатда қоладиган АҚШ ҳарбийларининг сони 8 минг атрофида бўлар эмиш. Чунки, уларнинг сони ҳозир 14 минг атрофида.

Агар “Толибон” террористик фаолиятини тўхтатмаса, биз қайтиб келамиз, ана ўшанда ишлар чатоқ бўлади, деган маънода гаплар ҳам айтган Доналд Трамп, “Толибон” билан қачон тўла келишув бўлишини айтмаган, “Ким билади, тўла келишув бўладими” дейиш билан чекланган.

Эслатиш керакки, ҳозир Афғонистон ҳудудларининг ярмичаси “Толибон” террористларининг қўлида. 2001 йилдан бери бу ерда тахминан 2300 америкалик ҳарбий ҳалок бўлди, 20 мингдан кўпроғи ярадор бўлди.