29 August 2019
22:00 - Жуда қизиқ: Ўзбекистоннинг “Universal Mobile Systems” ширкати ва Хитойнинг машҳур Huawei компанияси бор-йўғи 150 млн долларлик Меморандум имзолабдилар

Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арип Хитойнинг Шенжен шаҳридаги дунёга машҳур Huawei компанияси бош қароргоҳига ташриф буюрибди ва унинг иштирокида Ўзбекистоннинг “Universal Mobile Systems” (UMS) номли Маъсулияти Чекланган Жамияти (МЧЖ) билан Хитойнинг машҳур Huawei компанияси ўртасида Ўзбекистонга имтиёзли кредит тақдим этиш бўйича Меморандум имзоланибди.

150 млн долларга тенг кредит маблағлар 2020-2023 йилларда UMSнинг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилар экан.

Huawei ширкати билан Ўзбекистон ўртасида алоқалар ривожлантирилаётгани мақтовга сазовор воқеа, дейди “Ҳаракат” мухбири. Аммо бу масалага чуқурроқ қараш лозим.

Биринчидан, бугун Абдулла Арип иштирокида шартнома эмас, бор-йўғи Меморандум имзоланибди. Меморандум оғзаки келишувга ўхшаган нарса. Бундай ҳужжатнинг имзоланиши келажак учун ҳеч қандай гарантия эмас.

Иккинчидан, бор-йўғи 150 млн долларлик Меморандумнинг имзоланишида Ўзбекистондек давлатнинг Бош вазири иштирок этгани кулгидан бошқа нарсага арзимайди. Расмда унинг чап тарафида Huawei компаниясининг вакили турибди. Унинг номи ҳам тилга олинмаганидан тушуниш мумкинки, у юксак даражали ходимлардан бири эмас. Қизиқ, нимага бу компаниянинг эгаси Жэн Чжэнфэй бу ерда йўқ? Меморандум бор-йўғи 150 млн долларлик бўлгани учунми?

Учинчидан, Ўзбекистондек давлатнинг Бош вазири Абдулла Арип бу Меморандумни имзолаш пайтида ўша ерда бўлиши керакмиди? Тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг хўжайини Шавкат Мирзиё унга шундай топшириқ берган. Чунки, Huawei компанияси билан қандайдир ҳужжат имзолаш Ўзбекистоннинг обрўсига ижобий таъсир қилади деб ўйлайдиганлар мамлакатимизда ҳам йўқ эмас.