21 August 2019
23:36 - Ўзбекистонда 1 минг 845 та аттракционнинг жуда катта қисми хавфсиз фойдаланиш талабларига жавоб бермайди
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлигида ташкил этилган “Истироҳат боғларида аттракцион қуришда техник хавфсизлик чоралари, муаммо ва ечимлар” мавзусидаги матбуот анжуманида мамлакатимиздаги аттракционлар ҳақида маълумот берилгани ЎзА тарафидан хабар қилинди.

Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитаси раиси Бахтиёр Ғулом берган маълумотларга кўра, мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилибди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилибди.

Маълум бўлишича, аттракционларнинг 1 минг 292 тасида техник паспорти мавжуд эмас. 1 минг 106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайдилар.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Бахтиёр Ғулом ўз нутқини шундай якунлабди:

«Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди. Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир. Юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитой Республикасидан олиб келинади. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аттракционлар бор. Аммо етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабабли юртимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Натижада бундай қурилмалар инсон ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдиради. Жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган. Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланмоқда.

Келгусида болалар ҳаёти ва соғлиги билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таклифига биноан 2017-2019 йиллар оралиғида маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилган аттракционлар сертификатлаштирилиб, уларга бириктирилган ходимлар махсус курсларда ўқитилади. Аттракционлар қуриш ва ишга туширишдан олдин техник кўрик ва синовлардан ўтказилади.»

Хуллас, кўриб турибмизки, Ўзбекистонимизда ҳамма соҳаларда бўлгани каби аттракционлар атрофида ҳам аҳвол дабдала.