20 August 2019
21:39 - Яхши ва қизиқ хабар: Афғонистонлик этник ўзбеклар Термиз билан танишмоқда
ЎзА тарқатган хабарида айтилишича, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Термиз шаҳридаги “Амударё“ халқаро ёшлар оромгоҳида Афғонистон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган ўзбек ёшлари учун 20-24 август кунлари “Дўстлик“ оромгоҳи ташкил этилибди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи муассислигидаги Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон Ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари Хайратон чегара постида миллий урф-одатларимизга хос нон-туз билан кутиб олинган, икки мамлакат ёшларининг учрашувида сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик, дўстлик алоқалари тамомила янги босқич ва янгича кўринишда изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланган.

Термизда Афғонистоннинг консуллик идораси фаолият юритаётгани, ихтисослаштирилган шифохоналарда қўшни давлат фуқароларининг саломатлигини тиклаши учун барча замонавий шароит мавжудлиги, Афғонистон фуқароларига мамлакатимизда яратилаётган бундай қулайликлардан самарали фойдаланиши учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилгани ҳам айтилади.

– Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган ўзбеклармиз, – дейди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан келган Фарисо Шамс Содат. – Бу ҳақда биз ота-боболаримиздан эшитиб, улғайдик. Кўҳна Термизни буюк алломалар юрти сифатида ғойибдан биламиз. Амударёнинг бу қирғоғига ўтиш учун мана шундай дориломон кунлар келишини интиқиб кутдик. Бундан бир неча ой муқаддам Ёшлар Иттифоқи муассислигидаги Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон Ассоциацияси вакиллари мамлакатимизда бўлиб, биз билан учрашган ва Термизга таклиф этишган эди. Чегарада бизни қучоқ очиб, кутиб олган тенгдошларимизга ҳавасимиз келди. Улар билан тез дўстлашиб кетдик. Сурхондарёга қадам ташлашимиз билан бу ердаги тинч, осуда ва обод ҳаёт бизни ўзига мафтун этди. Ёшларнинг юзидаги табассум ва шукроналик туйғусини кўриб суюндик.

Меҳмонлар Термиз Археология музейи, Собир Термизий номли Сурхондарё вилоят ахборот-кутубхона маркази, Санъат саройи билан яқиндан танишар эканлар, улар учун дўстлик футбол турнири, ўзбек миллий ўйинлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган экан.