14 August 2019
23:20 - Шавкат Мирзиёнинг яна бир масхарабозлиги: Йилнинг биринчи ярми натижаларига бағишланган шармандалик руҳидаги мажлис ўтказилди. "Ҳаракат": Энди нима қилиш керак?

Бугун 14 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.

Унда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда Ўзбекистондаги аҳвол чуқур таҳлил қилинган эмиш. Аммо, Ўзбекистонимизда бу йилнинг биринчи ярмида Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) қанча бўлгани хабарларда айтилмади, ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга ортгани урғуланди, холос.

Давлат Бюджетининг даромад қисми эса, бу йилнинг биринчи ярмида 51 триллион сўм бўлибди. Аммо, Давлат Бюджетининг ҳаражат қисми қанча бўлгани умуман тилга олинмаган.

Шу сабабли эслатиш керакки, 2019 йил учун ЯИМ ҳамда Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари Олий Мажлис тарафидан тасдиқлангани эълон ҳам қилинмаган эди. Аммо, 2018 йил учун ЯИМ 290,6 трлн сўм, Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари 62,229 трлн сўм, ва 62,17 трлн сўм этиб тасдиқланганини биз ҳам хабар қилган эдик.

Демак, кўриб турибмизки, Давлат Бюджетининг даромад қисми 2019 йилнинг биринчи ярмида 51 триллион сўм бўлибди. Эътибор беринг, 2018 йилда Давлат Бюджетининг 1 йиллик даромад қисми 62,229 трлн сўм эди, бу йил эса, ярим йилда 51 триллион сўм бўлибди.

Ҳурматли ўқувчиларимиз, эътибор беринг, бунақа бўлиши мумкин эмас. ЯИМ ҳажми бор-йўғи 5,9 фоизга ортибди, Давлат Бюджетининг ярим йиллик даромад қисми эса, 51 трлн сўм бўлиб, 2018 йилги йиллик даромадга, яъни 62,229 трлн сўмга яқинлашиб қолибди.

Энг қизиғи, йиғилишда қтанашаётган биронта одам, на Олий Мажлис палаталарининг раислари, на Бош вазир, на Молия Вазири овозларини ҳам чиқармасдан қисиб ўтирибдилар. Тўғри қилганлар, овоз чиқарсалар эди, Шавкат Мирзиё уларни сансираб ҳақоратларди ва дабдалаларини чиқарарди.

Хуллас, хулоса шундай. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонимиз давлат сифатини ҳам йўқотиб, масхарабозлик саҳнасига айланиб бўлди. Ўзбекистондек давлат Россияда ишлаётган 2 миллиондан кўп ва бошқа мамлакатларда ишлаётган юз минглаб ватандошларимизнинг Ўзбекистонга юбораётган пуллари билан оёқда турибди. Шавкат Мирзиё эса, косметик ислоҳотлар ўтказиб, халқни лақиллатиб юрибди.

Хўш, нима қилиш керак, ҳурматли ўқувчиларимиз? Майдонларга чиқиб, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қиладиган замон келмаяптими?


Тушунинг, ҳали СССР тириклигида ўзбек тилини Ўзбекистонда давлат тили қилдирган, кейин Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси ҳозирги Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасига расман чиқмас экан, мамлакатимизда ҳеч қандай жиддий ижобий ўзгаришлар бўлмайди ва бўлолмайди. Демак, ақли бор инсонлар "Бирлик"ни қўллаб-қувватлашлари керак.