24 July 2019
08:25 - Шавкат Мирзиёнинг навбатдаги масхарабозлик руҳидаги видеоселектор йиғилиши: Энди вилоят ва туман ҳокимлари ҳафтасига уч кун фақат тадбиркорлик билан шуғулланишармиш
Ўзбекистондаги тожиклар режимининг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишича, Президент Шавкат Мирзиё кеча, 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказибди.

Шавкат Мирзиёнинг ўша видеоселектор йиғилишида айтган гапларининг, тўғрироғи, саводсиз талабаларга ўқиган лекциясининг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат: “Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш энг муҳим масала. Аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда хусусий бизнес ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш зарур. Энди вилоят ва туман ҳокимлари, тўрттала раҳбар ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба кунлари фақат тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади. Тадбиркорларнинг ер-суви, бошқа муаммоларини ҳал қилади. Катта-катта саноат корхоналарини қуриш учун вақт кетади. Одамларга эса ўзгаришлар бугун керак”.

Ҳа, Шавкат Мирзиё ҳақ, одамлар бугуноқ катта ўзгаришлар бўлишини исташади. Аммо, бунга ҳокимларни ҳафтада 3 кун фақат тадбиркорлик масалалари билан шуғулланишга мажбурлаш йўли билан эришиб бўлмайди. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ва ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни ДЕМОКРАТИЯЛАШТИРИШ, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ЎТИШ, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш, “Тошкент” Фонд Биржасини ҳақиқий фондлар биржасига айлантириш каби ғоялар борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтса, ўзимизнинг инвесторлар синфи яратилади ва ўз инвесторларимиз ҳамма муаммоларни Шавкат Мирзиёнинг йиғилишларисиз ҳам ҳал қилаверадилар.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси каби ҳақиқий сиёсий партияларни рўйхатга олиш йўлига қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш устида ишлаши керак.

Эслатамиз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти бундай тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ўз маслаҳатини Сизга ҳам юбориб бўлди, жаноб Шавкат Мирзиё. Далама-дала ва шаҳарма-шаҳар юриш ўрнига, шу каби амалий масалалар билан Президент шуғулланиши ШАРТ.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.