22 July 2019
23:15 - Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил АҚШ Давлат Департаментида музокаралар ўтказди
АҚШга амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил Давлат Департаментида АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл ва Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс билан музокаралар ўтказди.

Ташқи Ишлар Вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.

Музокараларда 2018 йил май ойида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёнинг АҚШга амалга оширган расмий ташрифи ва Оқ Уйда Президент Дональд Трамп билан музокаралари якунига кўра қабул қилинган “Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври” қўшма сиёсий баёнотининг қоидаларини тўлиқ амалга оширишни таъминлашга томонларнинг ўзаро интилиши таъкидланди.

Дэвид Хейл таъкидлашича, Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамланаётгани қайд этилмоқда, кенг кўламли алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун конструктив трендни давом эттириш мақсад қилинган.

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида турли даражалардаги кенг қамровли алоқаларни жадал ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Давлат Департаментининг юқори лавозимли вакили яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш режаси ҳақида маълум қилди.

Элис Уэллс икки томонлама муносабатлар истиқболларини баҳолар экан, турли даражадаги алоқаларни жадал ривожланаётганини қайд этди. Хусусан, сўнгги 15 йилда илк бор Ўзбекистон Мудофаа Вазирининг жорий йил июль ойида АҚШга ташрифи, Миссисипи штати губернаторининг мамлакатимизга келиши алоҳида таъкидланди.

Хусусан, мулоқотда таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор аҳамияти қайд этилди.

АҚШ томони афғонлараро тинчлик мулоқоти, Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тикланиши механизмларини бошлаш, унинг Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнларга жалб қилинишидаги Ўзбекистоннинг муҳим ролини алоҳида қайд этди. // ЎзА