04 July 2019
17:24 - Жуда қизиқ: Афғонистон ўзбекларининг лидери, бу мамлакатнинг Вице-президенти Абдурашид Дўстимнинг исми “Tolo news” веб-сайтида пайдо бўлди

Афғонистон ўзбекларининг машҳур лидери, сўнги сайловлардан кейин бу мамлакатнинг Вице-президент лавозимига ўтирган Абдурашид Дўстим сўнги 2 йилча ҳеч қаерда кўринмай қолгани, гўёки у Туркияда даволанаётгани, аслида, у тожик аслли Бош вазир Абдулло Абдуллоҳ билан чиқишолмай қолгани, аммо шу йилнинг бошларида у Афғонистонга қайтиб келганини “Ҳаракат” Агентлиги ҳам хабар қилган эди.

Инглиз тилида ҳам фаолият олиб борадиган “Tolo news” веб-сайти кеча саҳарда хабар қилишича, Абдурашид Дўстим толибларнинг навбатдаги терактлари ҳақида гапириб, толибларни ҳатто болалар ва аёлларга ҳам раҳм-шавқат кўрсатмайдиган репрессивлар деб баҳолабди, ҳозир Толибон туфайли Афғонистон шимолида ҳам барқарорлик йўқлигини урғулабди. Бу фан доктори, дебди у, Абдулло Абдуллоҳга ишора қилиб, биз фақат озу билан яшашни истамаётганимизни, толибларнинг амирлигида яшашни хоҳламаслигимизни президентга билдириши керак.

Хабарда айтилишича, Афғонистон шимолидаги Жавзжон вилоятига келган Абдулло Абдуллоҳ Абдурашид Дўстим тарафидан кутиб олинган ва у ҳам Толибонга қарши қаттиқ гаплар гапирган.

Хуллас, Толибон ҳалигача Афғонистонда мавжуд расмий ҳокимиятга қарши бўлган энг даҳшатли куч бўлиб қолмоқда. Нима бўлганда ҳам, Абдурашид Дўстимнинг исми хабарда тилга олингани яхшилик аломатидир. Афғонистон ўзбекларига “Офарин!” дейиш керак.

Расмда – олдинги планда Абдурашид Дўстимни кўрмоқдасиз. Ўнг тарафда Абдулло Абдуллоҳ нутқ сўзламоқда. Абдурашид Дўстимнинг елкасидаги тўнни у кийгизган бўлиши керак. Ҳаёт шунақа, баъзида душманларингиз ҳам ўзларини "дўст" қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар.