23 June 2019
03:44 - Доналд Трамп нолегал мигрантларни депортация қилишни бошлашни яна 2 ҳафта орқага сурди

Кеча, 22 июнь куни АҚШ Президенти Доналд Трамп ўз мамлакатида нолегал ҳолда яшаётган ёки махсус лагерларда ушлаб турилган мигрантларни депортация қилишни 2 ҳафта орқага суришини эълон қилди. Reuters Агентлиги билдиришича, Трамп шу икки ҳафта ичида Демократик Партия лидерлари билан бу масалада келишиб олишга умид қилмоқда.

Ҳамма гап шундаки, Демократик Партия фаоллари, бу партиянинг турли давлат органларидаги ходимлари Доналд Трампнинг келаётган душанба кунидан бошлаб, АҚШнинг 10 та шаҳридан нолегал мигрантларни депортация қилишни бошлаш ниятига қарши эдилар. Аслида, бундай қарорларни АҚШ Президенти ҳеч кимнинг рухсатисиз амалга оширишга ҳаққи бор. Аммо, у ҳозирги босқичда демократлар билан жанжал чиқишини истамаяпти.

Имиграция ва Божхона Бошқарув Агентлиги директори вазифасини вақтинча бажараётган Марк Морган депортация қилиш ҳақида суд қарори аввалдан чиққан мигрантларни Хьюстон, Чикаго, Майами ва Лос-Анжелос каби 10 та шаҳардан депортация қилишни бошлаш ниятида экан. Яъни, ҳатто депортация қилиш ҳақида суд қарори чиққан мигрантларни ҳам депортация қилиш 2 ҳафта орқага сурилди.