17 June 2019
22:11 - Мисрда бир йил президент бўлган радикал-исломчи Муҳаммад Мурси бутун умр озодликдан маҳрум этилганди, бугун қандайдир навбатдаги судда оламдан ўтибди

Маълумки, 2010 йилнинг охири ва 2011 йилнинг бошларида бошланган Араб баҳори номли жараёнлар натижасида Мисрнинг диктатор-президенти Ҳусни Муборак ҳам йиқитилгандан кейин, Мисрда ўтказилган биринчи етарлича демократик сайловларда “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурси президент бўлиб сайланганди. Аммо, 1 йил ўтар-ўтмас, у Мисрни исломлаштириш йўналишида иш олиб боргани сабабли, ҳарбийлар тарафидан йиқитилди, қамоққа ташланди ва Ҳусни Муборак замонини эслатувчи сайловлар воситасида ҳарбийларнинг одами Абдул Фаттоҳ ас-Сиси янги президент этиб сайланди.

Кейинги воқеалар “Ҳаракат” Агентлиги тарафидан ҳам ёритиб борилган. Муҳаммад Мурси устидан жиноий иш очилиб, йиллаб давом этган суд жараёнидан кейин уни бир неча марта турли муддатларга озодликдан маҳрум қилгандилар. Уларнинг ичида умрбод қамоқ жазоси ҳам бор эди.

Бугун ўтказилаётган навбатдаги судда, унинг Филистинли радикал исломчиларнинг “Ҳамас” ташкилоти билан яширинча ҳамкорлиги кўрилаётган пайтда, Муҳаммад Мурси кутилмаганда ҳушидан кетиб йиқилибди ва оламдан ўтибди. У 67 ёшда экан.

Расмда - Муҳаммад Мурси президент бўлган вақт.