16 June 2019
09:00 - Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Ўзбекистон раҳбариятига мактуби: Ҳақиқий сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак

Эслатиш керакки, Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти авваламбор сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида 2003 йилда тузилган. Гап сиёсий ҳуқуқлар ҳақида кетса, табиий, асосий мавзу сиёсий партиялар аъзоларининг ҳуқуқлари ҳақида бўлади.

Айнан ўша 2003 йилнинг иккинчи ярмида “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси яратилди ва айнан “Эзгулик” Жамияти бу партияни рўйхатдан ўтказиш йўлида бу партияга асосий ёрдамчи бўлди. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун ўша йилнинг охирида Адлия Вазирлигига ариза ва керакли ҳужжатлар топширилди. Керакли ҳужжатлар ичида партиянинг Дастури, Устави, аъзоларнинг 21 минг кишилик рўйхати ва ҳар бир аъзонинг имзоси ҳам бор эди. Ўзбекистон қонунларига кўра, партия рўйхатдан ўтиши учун унинг камида 20 минг аъзоси бўлиши керак.

Адлия Вазирлиги аввалига партиянинг Дастур ва Уставидан хатолар топишга киришди, “Бирлик” вазирлик билан тортишиб ўтирмаслик учун, 2004 йили унинг ҳамма талабларини бажарди. Аммо, 2005 йилнинг март ойида вазирлик партия аъзоларининг 21 минг кишилик рўйхатида партия аъзолари имзоларининг сал кам ҳаммаси сохта эканлигини иддао қилишга бошлади.

2005 йил 29 апрелда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ўз аъзоларининг ҳаммасини вазирлик биноси олдига олиб келишини эълон қилди. Ўша пайтда шундай қилиш учун партиянинг кучи ва имкониятлари бор эди. Буни яхши тушунган Ислом Каримов режими 13 май куни Андижонда акромийларнинг қўли билан қонли воқеалар уюштирди ва баҳона билан демократларга ҳам қарши қатағон каби кураш бошлади. Андижон вилоятидаги бир қатор “Бирлик” Партиясининг кўзга кўринган раҳбарлари қамалиш хавфи остида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдилар, баъзилари қамалиб чиқдилар.

Ўзбекистонда Сталин замонини эслатувчи қатағонлар бошланди, демократик мухолифатнинг ўзаги бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси кучини йўқотди.

Ўша пайтда Россия Президенти Владимир Путин ҳам шу каби ишлар қилиб, рўйхатдан ўтиш истагидаги сиёсий партия 40 минг аъзога эга бўлиши кераклиги ҳақидаги талабини қонунлаштириб қўйди. Натижада, Россияда ҳам демократик мухолифат ўлим ёқасига келиб қолди. Аммо, 2013-2014 йиллари Россиядаги катта митинг ва намойишларда партиянинг камида 40 минг аъзоси бўлиши кераклиги ҳақидаги талаблар кескин танқид қилинди, ҳатто Европа Инсон Ҳуқуқлари Суди бу талабларни қўллаб-қувватлади. Шундан кейин Россияда партияни рўйхатга олиш учун унинг 500 аъзоси етарли эканлиги қонунлаштирилди.

“Эзгулик” Жамиятининг Ўзбекистон раҳбарияти ва оммавий ахборот воситаларига йўллаган мактубида, айнан Россия ва Қирғизистон мисолларига таяниб, Ўзбекистонда сиёсий партияни рўйхатга олиш учун керак бўлган партия аъзолари сонини кескин камайтириш талаби ўртага қўйилди. “Эзгулик” Жамиятининг 31 майда ёзилган мактуби қуйидагиларга жўнатилди:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Ниғматилла Йўлдошевга
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг раиси Нурдинжон Исмоиловга
Ўзбекистон Адлия Вазири Русланбек Давлетовга
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Омбудсмени Улуғбек Муҳаммадиевга
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази директори Акмал Саидовга
Ҳамма оммавий ахборот воситаларига

Қуйида ўша мактубларнинг матни билан танишишингиз мумкин.

* * * * *

Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак

Кимга:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошевга,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси раиси Нурдинжон Исмоиловга,
Ўзбекистон Адлия Вазири Русланбек Давлетовга,
Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили, Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевга,
Инсон Ҳуқуқлари Республика Миллий Маркази директори Акмал Саидовга,
Барча оммавий ахборот воситаларига.

Кимдан:

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташановдан

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясининг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” бўлимида сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масаласига алоҳида урғу берилган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг айрим талаблари ана шу мақсадларга номувофиқ, деб ҳисоблайди.

Хусусан, мазкур Қонуннинг 6-моддаси 1-хатбошисида сиёсий партияни рўйхатга олиш учун унинг 20 минг нафар тарафдорининг имзолари талаб қилиниши кўзда тутилган.

Ҳолбуки, ҳозир сиёсий партияни рўйхатга олиш учун Россияда бундай партия 500 нафар тарафдорига эга бўлиши керак, қўшнимиз Қирғизистонда эса 10 киши бундай партия тарафдори бўлиши етарлидир.

Эслатиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган дастлабки йилларда бу талаб 3 минг нафар эди, кейинчалик 5 мингга чиқарилди, сўнгра бу рақам 20 мингга чиқарилди. Бу эса, шубҳасиз, ҳозир Ўзбекистонда қўйилаётган демократик талаб ва иддаоларга зиддир.

Таъкидлаш керакки, аҳолиси биздан тахминан 5 баравар кўп бўлган Россия Федерациясининг қонунчилигида сиёсий партияни рўхатдан ўтказиш учун авваллари 40 минг нафар фуқаронинг имзоси талаб қилинарди. Аммо Россия жамоатчилигининг 2013-2014 йиллардаги митинг ва намойишларда олға сурилган талаби Европа Инсон Ҳуқуқлари Суди тарафидан ҳам қўллаб-қувватлангандан кейин, Россияда бу рақам 80 бараварга камайтирилиб, 500 га туширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятига бир неча йилдан бери “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси тарафдорлари мурожаат қилиб, Адлия Вазирлигига 2003 йилдаёқ 21 мингдан ортиқ имзолар билан ариза берилганига қарамасдан, бу партия ҳалигача рўйхатга олинмагани, айни пайтда, рад жавоби ҳам берилмаганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинг хулосалари мамлакатимизда сиёсий ҳуқуқларни таъминлашнинг долзарб паллага кирганини кўрсатмоқда. Сизнинг жамиятимиз олдига қўяётган талаб ва таклифларингиз, мамлакат имижини халқаро доираларда мустаҳкамлаш истагингиз демократик муҳит ва кучли фуқаролик позицияси акс этган соғлом муҳитни тақозо қилади.

Демак, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунидаги сиёсий партиялар аъзолари ва тарафдорлари сони 20 мингдан кам бўлмаслиги ҳақидаги тўсиқни олиб ташлаш даври аллақачон келган.

Қонунчиликка кўра, Адлия Вазирлиги Ўзбекистон Олий Мажлисига қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга. Шу боис айнан Адлия Вазирлиги мазкур таклифни, яъни сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган имзолар миқдорини минималлаштириш масаласини Парламент тасдиғи учун жўнатиши керак.

Шубҳасиз, бу таклифни жамоатчилик, Ҳукумат, депутатлар корпуси, халқаро ҳамжамият ва демократик институтлар тўла қўллаб-қувватлайди.

Ҳурматлар билан,

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари
“Эзгулик” Жамияти раиси
Абдураҳмон Ташанов

31 Maй 2019 йил

* * * * *