12 June 2019
13:19 - Тоқаев қасамёд қилди ва Қозоғистон президенти лавозимига киришди
Қозоғистондаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган Қосим-Жўмарт Тоқаев инаугурация маросимида қасамёд қабул қилиб, давлат раҳбари лавозимига киришди.

У маросимда қўлини Конституцияга қўйган ҳолда давлат тили - қозоқ тилида қасамёд қилди.

«Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Қозоғистон конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга, Қозоғистон республикаси президенти сифатида зиммамга юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали равишда қасамёд қиламан», - деган Тоқаев.

9 июнь куни Қозоғистонда ҳисоб бўйича олтинчи марта президентлик сайловлари ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси сайловда «Нур Отан» партиясидан номзод сифатида қатнашган Қосим-Жўмарт Тоқаев 70,96 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилди.

Энди у кейинги 5 йил давомида Қозоғистонни бошқаради. // Kun.uz