09 June 2019
22:08 - Kun.uz: Наманганда бўлиб ўтган халқаро инвeстиция форумида умумий қиймати 320 миллион долларга тенг 39 та ҳужжат имзоланди. “Ҳаракат”: Амалда нима бўлади?

Kun.uz: 7-8 июнь кунлари Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Doing business with Namangan” халқаро инвестиция форумида умумий қиймати 320 миллион долларга тенг 39 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Секция мажлисларида Наманган вилоятида саноат, қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, инновация ва туризм соҳаларини ривожлантиришга доир кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Секция мажлисларидан сўнг Наманган вилоятининг турли соҳалардаги экспорт маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда “B2B” ва “B2G” шаклларидаги музокаралар ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари “Istiqlol dizayn”, “Art Soft Teks”, “Merrimed farm”, “Chortoq mineral water”, “Ideal” каби Наманган вилоятининг экспортга йўналтирилган йирик компаниялари фаолияти билан танишдилар.

Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимиятида Ҳиндистон, Россия, Австрия, Хитой, Эрон, Сингапур, БАА, Қувайт, Ўмон, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари билан алоҳида музокаралар ҳам ташкиллаштирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўтказган учрашув якунларига кўра, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги раҳбарияти Австриянинг «АМЕ International GmbH» ва «AVK GmbH» компаниялари вакиллари билан 10,5 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит жалб этган ҳолда Наманган вилояти кардиология марказининг моддий-техник базасини такомиллаштириш бўйича уч томонлама Меморандум имзоладилар.

Ҳиндистоннинг “Ultimate Investment” компанияси раиси М.Гупта билан бўлиб ўтган музокаралар якунларига кўра Наманган вилояти ҳокимияти билан меҳмонхоналар ва бизнес маркази қуриш бўйича умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари бўлган битим имзоланди.

Хитойнинг “Yantag Jimpeng Mining” компанияси билан Поп туманида фойдали қазилмалар қазиб олиш бўйича 40 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Россиянинг “Торговий дом Тавифа” компанияси билан тўқимачилик маҳсулотлари экспорти бўйича 30 миллион долларлик келишувга эришилди.

Форумнинг биринчи куни якунларига кўра умумий қиймати 170 миллион АҚШ долларига тенг 24 та инвестиция битими ва экспорт шартномалари имзоланди. Иккинчи куни яна 15 та битим имзоланди. Жами умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг 39 та ҳужжат имзоланди.

Форум доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда минтақада биринчи бор экспорт қилувчиларни қўллаб қувватлайдиган ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари каталогини ўз ичига оладиган madeinnamangan.uz портали ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

“Ҳаракат”: Бундай учрашувлар ўтказилгани ва шундай келишувларга эришилгани мақтовга сазовордир. Аммо, ҳаёт кўрсатмоқдаки, Президент Шавкат Мирзиё бундай учрашувлар ва келишувларни реклама қилиш билан шуғулланаётган бўлса ҳам, уларни амалга ошириш масаласи ҳеч кимни қизиқтирмаяпти ва мутлақо кўпчилик келишувлар қоғозда қолиб кетмоқда. Қолаверса, унутмайликки, Мемсорандум ва бошқа келишувлар мажбурий ҳужжатлар эмас, улар кўп ҳолларда қоғозда қолиб кетаверади.

Шу муносабат билан ҳамма демократларга, авваламбор, ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қиламиз. Бундай келишувлар амалда қандай бажарилаётганини назорат остига олинг. Биронта келишув қоғозда қолиб кетаверишига йўл берманг. Пичоққа илинадиган биронта маълумот қўлингизга тегса, уни дарҳол бизга юборинг, биз уларни шу саҳифада эълон қиламиз, муҳокамалар бошлаймиз, маҳаллий ҳокимиётларга шу масалалар бўйича қўлдан келганча ёрдам берамиз.