04 June 2019
22:27 - Шавкат Мирзиёнинг кечаги шавқатсиз танқидларидан кейин, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов лавозимидан улоқтирилди, вақтинча ҳоким Рустам Холматов бўлди


Кеча Тошкент вилоятининг номи аввал ўзбекча Тўйтепа бўлиб, кейин арабча-тожикча Нурафшон деб ўзгартирилган ва вилоятнинг маркази деб эълон қилинган шаҳарчасида Шавкат Мирзиё Тошкент вилояти фаоллари, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари, республика идоралари мутасаддилари иштирокида видеоселектор ўтказган ва вилоят аҳволи дабдала эканлигини айтиш билан бирга, вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимовни (аслида, Иброҳимов бўлиши керак) ҳам аёвсиз танқид қилган эди.

Кутилганидек, бугун қуйидаги Фармон эълон қилинди.

* * * * *

04.06.2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ғуломжон Иномович Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев

* * * * *

Шундай қилиб, бу лавозимда бор-йўғи 1,5 йил ўтирган Ғуломжон Ибрагимов гўёки ўз ихтиёри билан қаергадир улоқтирилди.

Унинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Холматов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи деб эълон қилинди. Уни ким тайинлагани хабарларда айтилмайди.

Аммо, у 1961 йилда Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида туғилгани, 1987 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлагани, 1998-2000 йй. - Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими, 2000-2003 йй. - Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари - вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2003-2008 йй. - Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими, 2008-2013 йй. - Тошкент вилояти ҳокими, 2016-2017 йй. - Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими, 2017-2018 йй. - Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, 2018 йилдан бери Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлгани хабарларда алоҳида таъкидаланган.

Кўрамиз, бу одам Тошкент вилояти ҳокими лавозимида қанча вақт ўтираркин? Аммо, ҳозироқ айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёнинг кадрлар билан бундай ўйинларидан ҳеч қандай фойда бўлмайди, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, мамлакaтимизни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш керак.