03 June 2019
13:44 - Шавкат Мирзиё Тошкент вилояти ҳокимлигидаги видеоселектор йиғилишни ҳам масхарабозликка айлантириб юбормоқда

Бундай йиғилиш бошлангани ҳақида биринчи хабар эрталаб соат 9:30 атрофида Kun.uz тарафидан тарқатилганидан тушуниш мумкинки, йиғилиш соат 9:00 да бошланган. “Ҳаракат” Агентлиги биринчи хабарини 10:30 атрофида берди.

Орадан сал кам 5 соат ўтди, узуқ-юлуқ хабарлардан тушуниш мумкинки, Шавкат Мирзиё эрталабдан бери тўхтамасдан нутқ сўзламоқда. Мана, унинг баъзибир гаплари:

- Тошкент вилоятини иккига бўлиш керак.

- Айрим туман ва шаҳар раҳбарлари иқтисодни умуман тушунмайдилар, қани илм, қани ташаббус, қани янгилик?

- Навоий вилояти 100 фоиз кластерга ўтди, Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги ҳали ҳам жуда танг аҳволда.

- Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи маҳсулот республикадаги ўртача даражадан паст бўлгани учун Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимини ишдан олдим.

- Яна бир марта қайтараман, ҳокимлар маҳаллий Кенгашларнинг раислари бўлмасликлари керак.

- Тошкент вилоятда 121 минг киши ишсиз, 117 минг киши хорижда - ишлагани кетган, 137 минг ёш иқтисодий оғир аҳволда. 117 минг киши - хорижда. Шулар биздан розими? Онаси ҳар куни боласини дуо қилмагани учун биздан розими?

- Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40-50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар?

Шавкат Мирзиё ҳали хабарларда тилга олинмаган жуда кўп гапларни айтган бўлса керак. У гапларнинг кўпчилиги тўғри бўлган бўлса керак. Аммо, 13 йил Бош вазир, кейин 2,5 йилдан бери Президент бўлиб ишлаётган Шавкат Мирзиё бу камчилдикларни энди кўриб қолдими? Агар у “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги хабарларини ўқиб борса эди, бу камчиликларни аллақачон билган бўлмасмиди?

Демак, авваламбор унинг ўзини ишдан олиш керакмасми?