04 May 2019
20:24 - Ўзбекистонимиз сўз эркинлиги бўйича МДҲда Озорбайжон, Тожикистон ва Туркманистондан олдинда. Дунё жамоатчилигини алдаш бўйича биринчи ўринда бўлсак керак.
Бош қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" (Reporters Without Borders) ташкилоти жаҳон мамлакатларида матбуот эркинлигини баҳоловчи навбатдаги “2019 йил рейтинг жадвалини” эълон қилди. 180 мамлакатдаги сўз эркинлигига баҳо берилган ҳисоботда Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан 5 ўринга юксалиб, 160-ўринни эгаллаган. Эслатиш керакки, 2014 йилда 166-чи ўринни эгаллаб, МДҲ мамлакатларидан фақат Туркманистондан олдинда эдик. Энди Озорбайжон, Тожикистон ва Туркманистондан олдиндамиз.

Бу жадвалдаги баъзи мамлакатларнинг ўрни қуйидагича:

Норвегия – 1
Финландия – 2
Швеция - 3
Франция – 32
Жанубий Корея - 41
АҚШ – 48
Грузия – 60
Арманистон – 61
Япония – 67
Қирғизистон – 83
Украина – 102
Афғонистон -121
Ҳиндистон -140
Россия – 149
Белорусия – 153
Туркия – 157
Ўзбекистон - 160
Тожикистон -161
Озорбайжон -166
Саудия Арабистони – 172
Шимолий Корея – 179
Туркманистон - 180

Бу ташкилотининг сайтида (https://rsf.org/en/) ўзбекларни қизиқтириши аниқ бўлган яна бир нарса бор. Бу нарса – энг кўп вақт қамоқда ётган деб таърифланган гўёки журналист Муҳаммад Бекжоннинг расми ва унга берилган қисқа таърифдир. Нимамиш, гўёки бу журналист 1994 йили Ўзбекистонни тарк этгандан кейин, “Эрк” газетасига муҳаррирлик қилганмиш, 1999 йилдаги исломчиларнинг Тошкентдаги терактларидан кейин, Украина уни Ўзбекистонга ушлаб бергач, узоқ йилларга озодликдан маҳкум этилганмиш, ҳозир ҳам Косон шаҳри яқинидаги қамоқхонада ётганмиш.

Ҳақиқат шундан иборатки, Муҳаммад Бекжон – “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчиларидан бири сифатида бу миллий ҳаракатни Ислом Каримга 2 та квартира ва битта депутатлик мандатига сотган ўзбек миллатининг бош хоинларидан бири Салом Мадаминнинг (адабий таҳаллуси Муҳаммад Солиҳ) укасидир. Унинг журналистикага ҳеч қандай алоқаси йўқ, аммо акаси Салой Мадамин ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг хўжайини Ислом Каримдан олган Тошкент марказидаги 54-55 сонли иккита квартирадан биттасида яшаган.

“Эрк” газетасининг юрт ташқарсида чиққан 2-3 та сонига машҳур журналист Жаҳонгир Муҳаммад таҳрирлик қилган эди. Сўнгра, у “Ҳаракат” журнали чиқаришга бошлаган Абдураҳим Пўлат тарафига ўтган ва маълум муддат шу журнални чиқаришда иштирок этган. Жаҳонгир Муҳаммад “Эрк”дан кетгандан кейин, унинг яна 2 ёки 3 сонини Салой Мадаминнинг ўзи чиқарган.

Ўша пайтда “Эрк” лидерлари ҳақиқатда Тоҳир Йўлдош раҳбарлигидаги террористик гуруҳнинг фаолиятига жисмоний бўлмаса ҳам, маънавий ёрдам берганлар. Шу сабабли Муҳаммад Бекжоннинг Украина тарафидан Ўзбекистонга ушлаб берилишини тушуниш мумкин. Дарвоқе, бу инсон 2 йилча аввал озод қилинган ва ҳозир оиласи билан чет элда яшайди.

Жойи келган учун эслатиш керакки, Абдураҳим Пўлат раҳбарлигида “Ҳаракат” журналигинг 70 та сони чиқарилган ва Ўзбекистонга етказилиб, ўша ерда тарқатилган.

Reporters Without Borders ташкилоти “2019 йил рейтинг жадвали” хабарига дунё харитаси расмини илова қилган. Бу расмда оқ рангда - сал кам тўла сўз эркинлиги бўлган, сариқ рангда - сўз эркинлиги тўлиқ бўлмаса ҳам бор бўлган, тўқ сариқ рангда - етарлича сўз эркинлиги бўлган, қизил рангда - сўз эркинлиги номигагина бўлган, қора рангда - сўз эркинлиги бўлмаган мамлакатлар кўрсатилган.